Намангандан Сирдарёга 800 дан зиёд қурувчи йўл олди

Намангандан Сирдарёга 800 дан зиёд қурувчи йўл олди

Намангандаги темир йўл вокзалидан Сирдарё вилоятига махсус поезд йўл олди. Наманганлик қурувчилар Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишидан талофот кўрган ҳамюртларимиз учун янги хонадонлар барпо этишни дилга туккан.

Вилоятимиздаги 50 дан ортиқ пудратчи ташкилот 800 дан зиёд ишчи-ходимини Сирдарёга сафарбар қилди. Улар сафида бетончи, пайвандчи, ғишт терувчи, бўёқчи, дурадгор ва бошқа қурилиш усталари бор. Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласида Наманган номидан 135 та хонадон қад ростлайди.  Бу вилоятимизнинг Сирдарёни тиклаш ишларига қўшилган яна бир ҳиссаси бўлади.

Сирдарёда қурувчиларимизни вилоят ҳокимлигининг махсус штаби вакиллари кутиб олади. Мазкур штаб томонидан мутахассисларимизни жойлаштириш, маиший шароитлар яратиш ва иш ҳажмларини белгилаш билан боғлиқ масалалар тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилади.