“Нанай постида катта жанжал!" Наманганда инспекторга қаттиқ қаршилик қилган фуқарога чора кўрилди

“Нанай постида катта жанжал!

“Youtube” ижтимоий тармоғида “Нанай постида катта жанжал! Ҳайдовчи чидаб тура олмади” номли видеролик тарқалди.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати эълон қилинди. 

Маълум қилинишича, видеотасвирда Янгиқўрғон тумани, “Қизилёзи” МФЙ худудидаги “Қизилёзи” блок постида хизмат олиб бораётган Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори Б.Мурадов томонидан Янгиқўрғон тумани “Намуна” МФЙда яшовчи И.Ҳ бошқарувидаги “Кобальт” русумли 50 973QAA давлат рақамли автомашина назорат тартибида тўхтатилганлиги, ҳамда И.Х. 9201-сонли ҳарбий қисм 8-сонли чегара пости ҳарбий хизматчиси оддий аскар У.Файзуллаев ва ЙҲХБ инспектори Б.Мурадовларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, жамоат жойида ҳуқуқ-тартибот идора ходимларини ҳақорат қилганлиги акс эттирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 9201-сонли ҳарбий қисм 8-сонли чегара пости ҳарбий хизматчиси оддий аскар У.Файзуллаевнинг билдиргиси асосида Янгиқўрғон тумани ИИБ ҲПМБ томонидан терговга қадар текширув тадбирлари олиб борилмоқда.

         Шунингдек, қўшимча ўрганиш давомида қуйидагилар маълум бўлди. И.Ҳ. ва унинг ўғли О.Ғ.лар жорий йилнинг 1 июнь куни соат 22:00ларда Янгиқўрғон тумани “Қайроқи” МФЙда яшовчи Р.Б.ни ўзларига тегишли бўлган автомашинага мажбурлаб чиқариб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатган ҳолда тан жароҳати етказишган. Натижада Р.Б. ҳолат юзасидан И.Ҳ. ва О.Ғ.ларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, туман ИИБга шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Янгиқўрғон тумани ТТБнинг 01.06.2021 йилдаги дастлабки маълумотномасида Р.Б.нинг баданида, бўйин қисми ўнг томонида қизғиш тусдаги шилинмалари, қулоқ қисмининг кўкарган ва пардасининг йиртилган жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.

Айни пайтда ариза юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ ҲПМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

И.Ғ.нинг содир этган жиноий хатти-ҳаракатлари, ҳамда чегара блок постида хуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 (майда безорилик), 194 (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195 (Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш), 196 (хуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан милициянинг ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаслик)-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги, ҳамда содир этган жиноий хатти-ҳаракатларида, ҳамда экспертиза хулосаси асосида ЖКнинг 277(безорилик)-моддасида кўрсатилган жавобгарлик аломатлари мавжудлиги сабабли ушбу моддалар асосида жавобгарликка тортилиши режалаштирилган.