Нарх-наво ошишидан камбағал қатлам жабр кўряпти — Улуғбек Иноятов

Нарх-наво ошишидан камбағал қатлам жабр кўряпти — Улуғбек Иноятов

Бугун айрим турдаги ижтимоий муҳим истеъмол маҳсулотлари нархлари ошиб бориши эътирозларга сабаб бўляпти. Ушбу ҳолатга Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов муносабат билдирди.

«Бундан энг кўп камбағал оилалар жабр кўрмоқда. Чунки уларнинг харид қобилияти бугунги нарх-навога мос эмас. Шу боисдан уларнинг истеъмол даражаси пасайиб бормоқда.

Статистикага қарайдиган бўлсак, мамлакат истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган ўртача йиллик эҳтиёжининг (460 минг тонна) қарийб 50 фоиз қисми импорт ҳисобидан қопланади. Шу боисдан кунгабоқар ёғи нархи ўртача 35-40 фоизга қимматлашган», дейди у.

Иноятовнинг қайд этишича, 2020 йилда гўшт импорти ҳажми 56,1 минг тоннани ташкил этган, жорий йилнинг ўтган даврида 23,7 минг тонна гўшт (жумладан, 8,1 минг тонна мол гўшти, 15 минг тонна парранда гўшти) импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 марта ўсган.

«Буғдой, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт ва картошка маҳсулотлари бўйича республика ички истеъмол талабини маҳаллий ресурслар ҳисобидан таъминлаш имконияти чекланган. Шунинг учун ҳам бозорларимизда эҳтиёж четдан импорт қилиш орқали тўлдирилмоқда.

Ўзимизда ресурс бўла туриб, имконият бўла туриб, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошгани афсусланарли ҳолат. Ҳукуматнинг тегишли тузилмалари бу муҳим масалада чуқур таҳлилларга асосланган чоралар кўрмагани сезилиб қоляпти. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, йўналишда фаолият олиб борадиган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга етарли эътибор қаратилмаганидан далолат беради», деб ёзмоқда депутат.

Унга кўра, тадбиркорлик фаолияти ишлаб чиқаришга эмас, балки четдан олиб кириб сотиш билан боғлиқ тор доирадаги фаолиятга айланиб қолаётгани хавотирли.

«Республикада мавжуд ёғ-мой комбинатлари фаолиятини модернизация қилиш, чорвачиликни ривожлантириш, бунинг учун яйловларни кўпайтириш, ем-озуқа ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш масалалари эътибордан четда қолди.

Ҳалол тадбиркорларга маҳсулотини паст нархларда соттириш эмас, балки улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бозорларда махсус савдо майдонларини яратиб бериш, шу орқали таклифни кўпайтириш керак.

Бозорларни бугун энг зарур истеъмол товарлари билан тўлдириб бориш бўйича тизимли ёндашув лозим. Бозорларда нарх-навони барқарор ушлаб туриш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларида стратегия ишлаб чиқиш зарур», дейди Иноятов.