Навалний можароси ёки ўқувчини алдаш осонлиги ҳақида

Навалний можароси ёки ўқувчини алдаш осонлиги ҳақида

Ўрис мухолифатчи Алексей Навалний 20 августда Томскдан Масковга учоқда қайтаётганида ўзини ёмон ҳис қилгани сабаб, учоқ шошилинч равишда Омскка қўнган ва у заҳарланиш шубҳаси билан касалхонага ётқизилганди. 

Навалний яқинлари у ҳукумат томонидан заҳарланганига ишонишади. Бир қанча ғарб давлати мухолифатчини олиб келиб даволашга тайёр эканлигини билдирди. Ахийри, Кремлнинг рухсати олингач, Берлиндан бир хайрия ташкилоти Омскка махсус учоқ ва докторлар гуруҳини юборди. 

Қилдан қийиқ ахтарган Москвадаги "Коммерсант" газетасига кўра, Омскка маҳаллий вақт билан 12:10 да етиб келган олмониялик докторлар "Навалнийни касалхонадан олишга шошилишмаган ва Олмонияга учишни бир неча соатга чўзиб юборишган эмиш. Меҳмонлар аэропортдан тўғри касалхонага бориш ўрнига, ўзларига ажратилган меҳмонхонага дам олгани кетворишибди. Касалхонага эса соат 17 да етиб боришибди. 

Соат 19 гача касал кўрикдан ўтказилиб, ўрис докторлар билан аҳволи муҳокама қилинган. Ўрислар Навалнийни учоқда олиб кетиш зарурати йўқлигини билдиришган. Соат 20:30 да москвалик докторлар қатнашган консилиумда эса касал аҳволи яхшилангани, олиб кетиш мумкинлиги айтилган. Соат 21 да бу ҳақда Навалнийнинг хотинига билдирилиб, икки соатдан кейин акаси ва хотини учоқда олиб кетишга розилик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйиб беришган.

Олмон докторлар 22 август эрталаб 8 да жўнаб кетишга тайёрлигини билдиришиб, кетиш вақтини эртароқ соатга ўзгартириш таклифини рад қилишган эмиш. 

Эртасига саҳар соат 5:40 да касалхонада ётган Навалний реанимация ходимларига топширилиб, соат 6 да машина аэропортга йўл олган. Тез ёрдам машинаси соат 6:15 да учоқ олдига келиб тўхтаган. Олмон врачлар ва экипаж 6:25 да етиб келган. Соат 7:35 гача учоқдаги тиббий жиҳозлар текширилиб, касал 7:45 да учоққа олинган ва 8 да "Берлин, қайдасан?" деб, кўкка кўтарилишган. 

"Коммерсант"га кўра, учоқ Омскда 20 соат қолиб кетган эмиш. Бу эса ўқувчида "олмонияликлар вақтни бекорга ўтказишган" деган фикрга олиб келади. 

Юқоридагилар мақолани ўқиган ҳар қандай кишида "бу олмон врачлар касални кўриш ва учоқда олиб кетишга рўйхушлик бермабди" деган тассурот уйғотади. Афсуски, бирёқлама хабар олишга ўрганиб қолган ўқувчилар бугунги кунда кўпчиликни ташкил қилади. 

Келинг, "Коммерсант"да чиққан хабарни таҳлил қилиб кўрайлик, ундан кейин фикрингиз қанчалик ўзгаришига ўзингиз баҳо берасиз.

Берлин билан Омск ораси - 4500 км. Учоқ қўнмасдан учса 6 соатдан кўпроқ вақтда етиб боради. Икки шаҳар орасида 4 соатлик вақт фарқи бор. Демак, олмон врачлар Омск вақти билан саҳар 6 да, Берлин вақти билан кечаси 2 да йўлга чиқишган. Аэропортга етиб бориш учун эса ярим кечаси уйдан чиқишган. Бир кун олдин кун бўйи ишлаб, дам олмай, кечаси билан учоқда келган, уйқуга тўймаган одамлар Омскда озгина дам олмасдан тўғри касалхонага кетиши мантиқли бўладими? Йўқ, албатта.

Бундан ташқари, тўрт соат фарқ қиладиган ўлкага борганда ҳар қандай одамнинг вужуди бундай тез ўзгаришга бир неча соатда кўниколмаслигини кўпчилик яхши билади. Бу эса кишининг иш қобилиятига салбий таъсир қилади. Демак, докторлар душ қабул қилиб, озгина дам олишлари зарур бўлган.

Энди, ўрис докторларнинг касални эртароқ олиб кетиш ҳақидаги таклифига билдирилган рад жавобига келсак. 

Биринчидан, вақт кечки соат 9 бўлган, яъни нормал иш куни аллақачон тугаган;

иккинчидан, олмонларда меҳнат қонунчилигига қаттиқ амал қилинади. Ҳеч ким иш вақти тугагандан кейин ишлашга мажбур қилинолмайди;

учинчидан, докторлар ўзлари учиб келмаган, улар тезда қайтиб кетишни истаганда ҳам бу уларга боғлиқ бўлмайди, чунки учоқ экипажи ҳам меҳнат қонунларига қатъий риоя қилишга мажбур;

тўртинчидан, учувчиларнинг иш вақти қатъий чегараланган - мен буни Торонтода ҳаво йўллари компаниясида ишловчи ходим ва учувчининг отаси ўлароқ айтяпман. Учса ҳам, учмаса ҳам - учувчининг иш куни тугагач, улар сумкаларини қўлтиқлаб, бортни ташлаб кетишади. Агар иш вақти учиш пайтида йўлнинг ярмида тугайдиган бўлса ҳам экипаж учишни рад қилади. 2008 йили Нью-Йоркдан Баффолога учаётган рейс қулаб тушгач, текширув ўтказилганида экипаж нормадан кўп ишлаб, чарчагани маълум бўлган. Ўшандан бери, иш соати қаттиқ назорат қилинади;

бешинчидан, "Коммерсант" газетаси врачлар ва экипаж аъзолари Навалний аэропортга келтирилгандан 10 дақиқа ўтиб келганини ҳам қандайдир бефарқлик ўлароқ кўрсатишга уринишган. Соат 8 да учадиган махсус учоққа минадиган бошқа йўлчилар йўқ, рўйхатдан ўтиш учун турнақатор бўлиб, сирага киришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бундан чиқди - Омск касалхонасидаги масъул врачлар олмон ҳамкасблари билан келишмасдан, "мендан кетгунча - отасига етгунча" қабилида иш тутишган.

Ана энди, ўзингиз хулоса чиқаринг. 

Навалний эса Берлиндаги шифохонага ётқизилиб, даволаняпти. У номаълум кимёвий модда билан заҳарлангани тасдиқланди, ҳолбуки ўрис докторлар буни очиқлай олишмаганди. Касалхона полиция ходимлари томонидан қўриқланяпти. 

Олмония канцлери Ангела Меркел ўрис мухолифатчи Андрей Навалнийни ўзининг меҳмони деб эълон қилди. Бу эса унга нисбатан ўрис айғоқчи ва жосуслар тарафидан ҳаётига яна суиқасд қилиниши олдини олиб, тегишли даражада қўриқлаш имконини беради.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.