Германия Мудофаа вазирлиги: Навальний "Новичок" билан заҳарланган

Германия Мудофаа вазирлиги: Навальний

Германия ҳукумати эълон қилишича, россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний "Новичок" деб ном берилган марказий нерв системасини фалаж қилувчи модда билан заҳарланган. Буни Германия Мудофаа вазирлиги лабораторияси аниқлаган. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар бермоқда.

"Новичок" совет даврида Ўзбекистон ғарбидаги кимёвий қуроллар лабораториясида ишлаб чиқарилган.

Орол денгизининг жануби-ғарбидаги "Возрождения" оролида жойлашган махфий лаборатория 1990-йиллар охирида АҚШлик экспертлар кўмагида зарарсизлантирилган.

АҚШ Конгресси айни мақсад учун 6 миллион доллар маблағ ажратган.

44 ёшли Навальний 20 август куни Сибирнинг Томск шаҳридан Москвага учиб бораётган пайт ўзини ёмон ҳис қилган.

Шунчалик ёмонки, самолёт Омск аэпортига қўнишга мажбур бўлган.

Сўнг у Германиядаги "Шарите" шифохонасига олиб учиб кетилган, ўшандан буён комада қолмоқда.

Германия ҳукумати россиялик мухолифат фаолининг "жонига қасд қилиниши"ни қоралашини айтган.

Россия томонидан изоҳ сўрашини таъкидлаб қолган.

Германия томонига кўра, Алексей Навальнийнинг бу каби модда билан заҳарланиши шунчаки воқеълик бўла олмайди.

Расмий Берлин текширув натижаларидан Европа Иттифоқи ва Натодаги ҳамкорларини ҳам огоҳ этишини айтган.

Кейин бунга биргалашиб муносабат билдиришларини ҳам қўшимча қилган.

Германиялик масъуллар, бундан ташқари, Кимёвий қуроллар бўйича ташкилот билан ҳам боғланишмоқчи.

Россия президенти матбуот котибининг "Новости" ахборот агентлигига айтишича, Германия томони бу натижаларни ўзлари билан ўртоқлашмаган. Қўлларида бунга ўхшаш бирор бир маълумот йўқ.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мамлакат Бош прокуратураси ҳам ҳали-ҳануз немис томонидан худди шу мазмундаги сўровига жавоб кутмоқда.

Россия томони Навальнийдан Омск касалхонасида олинган намуналардан бирор бир заҳарли модда излари топилмаганини таъкидлаб келади.

Германиялик шифокорлар бунгача мухолифат фаолини "холинэстераза ингибитори гуруҳидаги модда билан заҳарлаган бўлишлари мумкинлиги"ни айтиб келишган.

Заҳарли модданинг айнан нима экани қоронғу қолаётган, уни аниқлаш учун таҳлил учун намуналар олинаётганини билдиришган.

Аммо заҳарнинг таъсири "мустақил лабораторияда ўтказилган қатор тестлар" натижасида тасдиқланганини маълум қилишганди.