Навальнийни заҳарлаган ФХХ ходимлари уч кишининг ўлдирилишига алоқадор. Bellingcat ва The Insider’нинг янги суриштируви эълон қилинди

Навальнийни заҳарлаган ФХХ ходимлари уч кишининг ўлдирилишига алоқадор. Bellingcat ва The Insider’нинг янги суриштируви эълон қилинди

Bellingcat ва The Insider нашрлари Der Spiegel билан бирга олиб борилган янги суриштирувни эълон қилди: унда таъкидланишича, уларнинг мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ҳақидаги суриштирувининг Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари деб аталаётган уч фигуранти Россия жамоатчилик арбобларининг учта ўлимига алоқадор бўлиши мумкин. Мақолада журналист Тимур Куашев, фаол Руслан Магомедрагимов ва «Янги Россия» ҳаракати етакчиси Никита Исаевнинг ўлими ҳақида гап боради, деб ёзади «РБК».

Куашевнинг жасади 2014 йил ёзида Налчик атрофидаги ўрмонда, йўл бўйида топилган. Судтибэкспертлар жасадда гематомалар, шилинган жойлар ва шприц изларини аниқлаган. «Аниқ-равшан зўравонлик белгиларига қарамай, 26 ёшли активист ўлимининг расмий сабаби — ўткир коронар етишмовчилик», — дейилади мақолада.

Журналистлар ёзишича, журналистнинг вафотидан бир неча кун аввал Налчикка Константин Кудрявцев келган. Унинг исм-шарифи The Insider, Bellingcat ва CNN’нинг декабрдаги суриштирувида тилга олинган, у ерда у ФХХ ходими ва Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор одамлардан бири деб аталган.

Куашевнинг ўлими юз берган пайтда Налчик яқинидаги шаҳарларда, журналистларнинг маълумотларига кўра, суриштирувнинг бошқа бир нечта фигурантлари ҳам бўлган.

Журналистнинг отаси Хамби Куашев The Insider’га маълум қилишича, ўғлининг қон намуналари ФХХ Криминалистика институтига юборилган, у ерда, суриштирувчилар маълумотлари бўйича, гуруҳ аъзоларининг ўзлари ишлайди. Экспертиза заҳар изларини аниқламаган.

«Бирлик» жамоатчилик ҳудудий ҳаракати фаоли Руслан Магомедрагимовнинг жасади 2015 йилнинг мартида Доғистоннинг Каспийск шаҳрида топилган. Расмий талқинга кўра, у нафас қисилишидан вафот этган, танасидан зўравонлик белгилари топилмаган. Шу билан бирга, унга яқин фаолларнинг таъкидлашича, унинг бўйнида шприц изларига ўхшаган иккита из аниқланган. Журналистлар маълум қилишича, суриштирув фигуранти Магомедрагимовнинг ўлимидан бир неча кун олдин Махачқалъага учиб келган.

«Тимур Куашев билан боғлиқ ҳолатда заҳарловчиларнинг сафарлари сони ҳар қандай тасодиф имкониятини истисно қилса, Магомедрагимовнинг ҳолатида фақат юқори эҳтимоллик даражаси ҳақида гапириш мумкин… У Махачқалъага бошқа пайтлар ҳам борган, шунинг учун бу ерда тасодиф эҳтимолини тўлиқ истисно қилиб бўлмайди», — деб ёзади Bellingcat ва The Insider. Шунингдек, нашрлар қайд этишича, укол орқали заҳарлаш билан ўлдириш маҳаллий куч вакиллари ва жиноий гуруҳларга хос эмас.

«Янги Россия» ҳаракати етакчиси Никита Исаев 2019 йил 16 ноябрда Тамбов—Москва поездида вафот этган. Сафардан бироз аввал у «Адолатли Россия» партияси раҳбари Сергей Мироновнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган эди. У Исаевга партиядан номзодларни сайловларга тайёрлашни топширган. Исаевнинг севган қизи айтишича, поездда сафар қилиш чоғида у ҳожатга чиққан, қайтиб келгач, ўзини ёмон ҳис қилган. Поезд энг яқин станцияга етиб келганида, шифокорлар унга ёрдам бера олмаган ва фақат унинг ўлимини қайд этган, холос. Ўлимнинг расмий сабаби — юрак хуружи, аммо экспертиза натижалари эълон қилинишигача Исаевнинг жасади куйдирилган, бу ҳақда унинг ўзи васият қилган эди.

Суриштирув маълумотларига кўра, Исаевни 2018 йил охирида унинг Челябинскка сафари чоғида кузатишни бошлашган. Журналистлар Исаев ва суриштирув фигурантлари сафарларининг саналари ва шаҳарлари еттита ҳолатда мос тушганлигини аниқлади.

The Insider қайд этишича, Исаев «Кремлга мутлақ содиқ сиёсатчи бўлган» ва унинг яқинларидан ҳеч ким «ҳукуматпараст ватанпарвар» ФХХга нимаси билан ёқмаганини билмайди.