«Навбаҳор» мухлиси «Сўғдиёна» билан ўйиндан сўнг автоҳалокатга учради

«Навбаҳор» мухлиси «Сўғдиёна» билан ўйиндан сўнг автоҳалокатга учради

«Навбаҳор» футбол клуби мухлиси Азизбек Холматов Наманган «Марказий» ўйингоҳида бўлиб ўтган Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси билан учрашувдан сўнг уйга қайтишда автоҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Ҳодиса 2021 йил 9 март куни Норин туманида содир бўлган. Бу ҳақда ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлган Азизбекнинг қариндоши Алишер Бойматов шундай ҳикоя қилади:

— Бу учрашувга уч киши бўлиб бориб, икки киши бўлиб қайтдик. Мен, Азизбек ва Шуҳрат деган дўстимиз. «Навбаҳор»нинг Намангандаги ўйинларини қолдирмасдик, Тошкент, Андижон ва Фарғонага ҳам бирга борардик. Ўша куни ўйин тугаганидан сўнг қорнимиз оч қолгани учун Норинкападаги чойхонага тўхтаб, шашлик буюртма қилдик. Биттадан еб, ҳали иккинчисини олишга улгурмай, Азизбекнинг телефони жиринглаб қолди. У ташқарига чиқиб кетди, бироздан сўнг ниманингдир қаттиқ овози эшитилди. Кимдир «авария бўлди» деб қолди. Шошилиб ташқарига чиқдик. Азизбекни қидирдик, телефонига қўнғироқ қилдик, жавоб бермайди. Машина кимни уриб кетганини билмаймиз. Бир пайт йўл четида турган кроссовкага кўзим тушиб қолди. Стадионга борганимизда Азизбекка кроссовкам сиқаётганидан шикоят қилганимда шу оёқ кийимини кўрсатиб, қулайлигини мақтаган эди... Касалхонага етиб борганимизда унинг жони узилган экан, — дейди Алишер Бойматов.

Норин туман ИИБ мутасаддиларига кўра, 9 март куни кечки пайт Чўжа—Ҳаққулобод йўлининг тўртинчи километрида Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси Азизбек Холматовни уриб юборган. У бош мия шикастланиши, чап оёқ синиши ва бошқа тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига етказилган, бироқ сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Азизбек Холматов 38 ёшда бўлиб, Норин туманидаги «Шўрариқ» маҳалласида туғилиб ўсган, оилада ёлғиз ўғил эди. Ундан уч нафар қиз фарзанд қолди.

Алишер Бойматовнинг айтишича, Азизбекни таниган-билган мухлислар «Навбаҳор»нинг кеча Тошкентда «Локомотив» устидан қозонган ғалабасини унинг хотирасига бағишламоқда. Шунингдек, Наманган клубининг 19 март куни «Насаф» билан бўлиб ўтадиган ўйини олдидан бир дақиқа сукут эълон қилинишини мутасаддилардан сўраб қолишади.