Навоийда 30 ёшли ақли заиф фуқаро онасини пичоқлаб ўлдирди

Навоийда 30 ёшли ақли заиф фуқаро онасини пичоқлаб ўлдирди

Навоий вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмоновнинг маълум қилишича, Хатирчи туманида яшовчи ақли заиф фуқаро онасини пичоқлаб ўлдирган.

Маълум бўлишича, воқеа 2021 йилнинг 27 апрель куни содир бўлган.

Хатирчи туманида яшовчи 1991 йилда туғилган ва руҳий хасталик туфайли рўйхатда турган фуқаро В.Б. акасининг хотини Ч.Р.га бешикда ётган чақалоғининг йиғиси ёқмаётганини айтиб, унга танбеҳ берган. Бу эса жанжални келтириб чиқарган. Она руҳий хаста ўғли ва келинини тинчлантиришга уринган. Жиззакилик кучайиб, ўз-ўзини бошқариш қобилияти сусайган В.Б.да хуруж бошланган ва қилган хатти-ҳаракатини идрок қилолмай қолган. Ҳодиса ҳам айнан ана шу хуруж туфайли юзага келган ва у ўз онасининг юрагига ошхона пичоғини санчиб олган.

Фуқаро В.Б. онасининг қонга беланган ҳолда ерда ётганини кўриб, қўрққан ва ИИБ ходимлари етиб келгунча, ичкари хонага кириб, ўз устидан қулфлаб олган. Пичоқланган она зудлик билан тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Муолажаларга қарамай, орадан икки соат ўтгач, аёл вафот этган.

Вилоят прокуратураси, ИИБ раҳбарияти ҳамда туман мутасаддилари иштирокида маҳаллада мазкур жиноят муҳокама қилинган.