Навоийда Damas ва DAF тўқнашувида 4 киши вафот этди, Жиззахда Spark ағдарилди

Навоийда Damas ва DAF тўқнашувида 4 киши вафот этди, Жиззахда Spark ағдарилди

Навоийда Damas ва DAF тўқнашуви оқибатида 4 киши вафот этди.

Навоий вилояти Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 автомобиль йўлида 2021 йилнинг 7 декабрь куни Damas автомашинаси Зарафшон–Навоий йўналиши бўйича ҳаракатланиб бориб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган DAF юк машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда Damas’да бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Тез тиббий ёрдам орқали олиб кетилган яна икки нафар йўловчи кўрсатилган муолажаларга қарамай вафот этган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиззахда Spark ағдарилди.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Равот» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган Жиззах–Зомин 4Р-37 йўлининг 6-километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Зомин тумани «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.Ж. ихтиёридаги Spark бошқарувини йўқотган ва автоулов йўлдан чиқиб, ағдарилган.

Оқибатда ҳайдовчи бош мия жароҳати ва ҳамкор жароҳатлар ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Зоминда Damas ва «Жигули» тўқнашди.

Жиззах вилояти Зомин тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтган йўлда Пешағор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи А.Қ. бошқарувидаги «ВАЗ-2106» Тошкент вилояти Олмалиқ тумани Озодлик қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Қ. бошқарувидаги Damas’га тўқнашган.

Оқибатда «ВАЗ-2106» ҳайдовчиси бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап тизза қопқоғининг ёпиқ синиб, силжиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.