Навоийда ҳамшира беморни калтаклагани ҳақида хабар тарқалди

Навоийда ҳамшира беморни калтаклагани ҳақида хабар тарқалди

Ижтимоий тармоқларда 2021 йил 19 октябрь куни Навоий вилояти Кармана туманидаги шифохоналардан бирида тиббиёт ходими ва шифокор қабулига келган бемор ўртасида юз берган тортишув акс этган видеолавҳа тарқалди.

Мазкур ҳолат Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан шу куннинг ўзидаёқ назоратга олиниб, ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича, 2021 йил 18 октябрь куни Кармана тумани Талқоқ 2-даҳасида яшовчи фуқаро Т.Т. туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига келиб, юраги безовта қилаётгани, шу боис ушбу муассасанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқчи эканини маълум қилган.

Марказнинг шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокори Тошев Акбар беморни дарҳол тиббий текширувдан ўтказиб, унга аҳволи қониқарли экани ва умумий ҳолати шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётиш учун белгиланган кўрсатмаларга тўғри келмаслигини айтган. Бироқ фуқаро Т.Т. шифокорнинг сўзларига қатъий эътироз билдириб, уни ҳақиқатга мос келмайдиган сўзлар билан айблай бошлаган.

Шундан сўнг Кармана туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари И.Нодиров, бош кардиолог А.Тошев, бош терапевт Ж.Мардонов, невролог Н.Саломов ва қабул бўлими мудири, кардиолог Н.Нурматовалар томонидан бемор консилиум қилинган. Текшириш давомида унга яна бир бор шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволаниш учун зарурият йўқлиги, умумий ҳолати ушбу бўлимда даволаниш учун белгиланган стандартларга тўғри келмаслиги тушунтирилган ва касаллик тарихига текшириш натижалари қайд этилган.

Қолаверса, беморга режали кардиология бўлимидан жой ҳозирланиб, зарур дори воситалари билан таъминланиши айтилган, бироқ у бунга рози бўлмасдан, шифокорлар устидан шикоят қилишини айтган. Сўнг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига кириб, қўл телефони орқали муассасани тасвирга тушира бошлаган.

Бу ҳолатга гувоҳ бўлган марказ ҳамшираси М.Ҳ. унинг бу хатти-ҳаракатларига эътироз билдириб, Т.Т.нинг қўл телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилган. Бироқ беморга ҳеч қандай қўл кўтармаган.

Шундай бўлса-да, бемор билан қўпол муносабатда бўлгани, соғлиқни сақлаш тизими ходимига муносиб бўлмаган ҳаракатларни содир этгани, бемор билан мулоқот қилиш қоидаларини қўпол равишда бузгани учун ҳамшира М.Ҳ. қатъий огоҳлантирилган.

Айни пайтда Т.Т. туман тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимида режали равишда керакли даво муолажаларини олмоқда.