«Нефтчи» – «Турон» ўйинидаги тартибсизлик иштирокчиларидан 8 киши қўлга олинди.

«Нефтчи» – «Турон» ўйинидаги тартибсизлик иштирокчиларидан 8 киши қўлга олинди.

Фарғонада «Нефтчи» ва «Турон» жамоалари ўртасида кечган ўйин (0:1) якунида оммавий тартибсизликда иштирок этгани учун 8 киши қўлга олинган ва ҳакамни тепган футболчи кимлиги маълум. Дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Қўлга олинганлар ичида футболчилар йўқ. Жамоалар ўйиндан кейин тўлиқ таркибда автобусга ўтириб кетишган.

Аниқланишича, «Нефтчи»нинг ҳакамни тепган футболчиси Жамшид Тўрақулов бўлган.

Ҳакамларда ташқи жароҳатлар аниқланмаган бўлса-да, улар экспертиза учун текширилган. Ҳакамга ташланган ва унга зарба берган «Нефтчи» футболчиларига қандай чора кўрилиши аниқ эмас.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси расмий каналида ҳам ушбу ўйиндан кейинги ҳолатлар бўйича баёнот берилди.

«Нефтчи» – «Турон» учрашувидан кейин содир бўлган ҳолатлар Фарғона вилояти ИИБ томонидан назоратга олинган. Ҳозирда барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеага алоқадор ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига қонуний баҳо берилади», дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Фарғонанинг икки жамоаси «Нефтчи» ва «Турон» Пролига ғолиблиги ва Суперлига йўлланмаси учун майдонга тушганди.

Ўйин якунланиши арафасида «Турон» дарвозаси томон берилган зарбадан кейин тўп меҳмонлар ҳимоячисининг билагига тегиб қайтди. Майдон эгалари бу вазият учун пенальти берилмаганидан норози бўлишди. Ўйин якунлангач эса «Нефтчи» футболчилари учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаев ва унинг ёрдамчилари Ришат Нугманов ва Дониёр Сайлавовга кескин норозилик билдиришди. Бу вақтда майдонга мухлислар ҳам тушиб келишганди. Мезбон футболчилардан бири ҳакамга акробатик услубда зарба берди, у ҳуқуқ-тартибот органлари ёрдамида футболчилар ва мухлислар таъқибидан қочиб қутулишга муваффақ бўлди, хабарларда қанот ҳакамларидан бирининг боши ёрилгани айтилди.