«Нефтчи»нинг 29 йил давомида ўзгармаган рамзи 16 кун ичида иккинчи марта ўзгартирилди

«Нефтчи»нинг  29 йил давомида ўзгармаган рамзи 16 кун ичида иккинчи марта ўзгартирилди

Фарғонанинг «Нефтчи» клуби раҳбарияти 16 кун ичида иккинчи марта клуб логотипи ўзгартирилганини расман эълон қилди.

«2021 йилги футбол мавсуми учун янгиланган клуб логотипи тақдим этилган эди ва бу логотип кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келди. Шу масалага ечим топиш мақсадида клуб базасида мухлислар ва футбол расмийлари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди. Янги логотип юзасидан мухлислар, журналистлар ва жамоатчиликнинг эътирозлари ўрганиб чиқилди.

Йиғилишда клубнинг барча ходимлари ва фахрий мухлислар иштирок этдилар. Кун тартибига «Нефтчи» ПФК логотипига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала қўйилди. Клубнинг кўп сонли мухлислари томонидан билдирилган фикр ва таклифларига биноан, клуб логотипига ўзгартириш киритиш кераклиги ҳакида гапириб ўтилди. Янги логотипнинг бир нечта нусхалари йиғилиш қатнашчиларига тақдим этилди ва улар орасидан энг маъқули танланди. Йиғилишда қабул қилинган қарорга кўра, клубнинг янги логотипи танлаб олинди ва бир овоздан маъқулланди. Бундан буён «Нефтчи» футбол клуби билан боғлиқ бўлган барча тадбир ва матнларда ушбу янги логотипдан фойдаланилади», - дейилади «Нефтчи» матбуот хизмати хабарида.

Эътиборлиси, 5 февраль куни эълон қилинган логотипнинг ўзгартирилиши ҳақидаги хабарда ҳам «Нефтчи» клубининг умумий йиғилиши бўлиб ўтгани, унда клубнинг барча ходимлари ва фахрий мухлислари иштирок этгани ҳамда мухлислар таклифларига кўра, клуб логотипи ўзгартирилгани» ҳақида ёзилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи» клубининг февраль ойигача амалда бўлган рамзи Ўзбекистон чемпионати бошланган 1992 йилда яратилган. 5 февраль куни эълон қилинган рамзнинг умумий ранги сариқ рангда бўлса, 21 февраль куни эълон қилинган янгисида кўк ва қизғиш рангдан кўпроқ фойдаланилган. Янги рамзларда чинор барги ўрнига йўлбарс расми туширилган.

Маълумот учун, бунгача Суперлига ва Про лиганинг бир қатор клублари ҳам ўз логотипларини ребрендинг қилганди. «Нефтчи» клуби ҳам логотипини янгилагач, Ўзбекистон чемпионатида яқин йилларда логотипини ўзгартирмаган иккита клуб қолди - «Пахтакор» ва «Динамо» жамоаси.