Нега Фарғона вилояти ғалла ва пахтада биринчилардан бўлмоқда? Сабаби нимада?

Нега Фарғона вилояти ғалла ва пахтада биринчилардан бўлмоқда? Сабаби нимада?

Хабарингиз бордир, Президент фармони билан Прокуратура қошида бир инспекция ташкил қилинган эди. Бу инспекциянинг вазифаларидан бири этиб "пахта ва дон экинларининг уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши" ҳам киради.

Мана шу ҳаракат аграр иқтисодга мўлжалланган мамлакатимиз учун жиддий иш бўлган эди.

Сабабларини бирма-бир кўриб чиқамиз. Риштон нима учун пахтада охирги 2 йил давомида мамлакатда биринчиликни эгалламоқда? Биз шу пайтгача уруғни экиб кейин унга дори бериш билан кучимизни беҳудага сарфлаётгандик. Чунки уруғнинг ўзини яхшилаб текширмаётгандик-да.

Вилоятдаги 41 та пахта пунктига Инспекция томонидан алоҳида лаборантлар қўйиб чиқилди. Пахтанинг сортини махсус тайинланган лаборантлар текширганларида олдингилардай 2-сорт эмас, балки 1-сорт маҳсулот эканлиги аниқланган.

Кейинчалик уруғларни лаборатория қилиш бошланди. Қанчалик соғломлигини аниқлаш керак-ку! Уруғларни текширганимизда эса 50 % уруғ касал, нимжон бўлиб чиқди. Барчасини бекор қилиб, соғлом уруғларни қабул қила бошладик.

Ҳатто вирусини текширганимизда 90 % вирусли уруғлар ҳам экишга топширилаётган экан. Хитойдан келтириладиган дориларимиз ҳам 100 $ лик таъсири йўқ дорилар бўлиб чиқди. Барчасини Инспекция аниқлади ва уруғларни вируслардан ўлдирадиган дорилар сифатли бўла бошлади. Далаларга экиладиган уруғлар 95 % га соғломлаштирилди.

Маълумот учун, Фарғона вилоятининг бир мавсумдаги буғдой режаси 280 минг тоннани ташкил қилади. Биз эса 335 минг тонна ғалла топширдик. Пахта режаси эса 20 кунда бажарилди. Фарғона вилоятидаги 3 та туман бир кунда режани биринчилардан бўлиб бажарди.

Энди шунча ишлар ўз-ўзидан бўлмайди, ўртоқлар. Бу ишлар ортида ҳаводан пул қиладиганларнинг қозонига болта урилди. Етарлича душман орттирилди ахир. Қишлоқ хўжалигини тушунадиган одамлар биладики, бу соҳада миллиардлаб пул айланади. Зах сувларни қочириш учун, мисол учун, охирги 3 йилда 12 минг км зовурлар қазилган бўлса, булар ҳам пул дегани. Зовурлар қўл тегди қилиб қазилган бўлса, ер ҳосилдорлиги пасаймайдими? Бу ишлар назоратга олинди.

Вилоятда уруғ етказиб беришни зиммасига олган 300 та фермер бор. Уларнинг топшираётган уруғлари назоратга олинди. Бизга пуч, касал ёки нимжон уруғлар етказишмоқда эди. "Келишув" орқали қоғозга муҳр ҳам босилаётган эди. Бу найранглар ҳам ўтмайдиган бўлиб қолди.

Уруғларни вируслардан тозалайдиган импорт дорилар сифати назоратга олинди. Ҳашакилари эмас, уруғда кейинчалик ҳам пайдо бўладиган касалликларини тозалайдиган дорилар келтирилиши назоратга олинди. Ўхшатмалардан соққа қилишга барҳам берилди.

Пахта сортини 1 ёки 2 қилиш ҳам яхшигина пул. Инспекция томонидан тайинланган лаборантлар бундай алдовларга чек қўйишди. Бу ҳам назоратда. Доим пахтасини 2-сорт деб кам пул оладиган деҳқон эндиликда 1-сортда пулини олмоқда. Бу фермерларнинг сунъий қарздорлигига барҳам беради.

Кўриб туганингиздек, биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида қанча қинғир даромадлар бартараф қилинди. Албатта, маззахўраклар бундан типирчилаб қолишади-да. Пойтахт билан қандай келишилди буниси қоронғу. Лекин оқибат, мазкур Инспекция Прокуратурадан олиб қўйилди. 2018 йилда ташкил қилинган Инспекция 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасига олиб берилди.

Агар биз ростдан ҳам мамлакатимизни қишлоқ хўжалиги соҳасида ривожланишига эришишни истаётган бўлсак, кўзбўямачи амалдорлару, улардан манфаат кўраётган ҳокимларни ўта жиддий огоҳлантиришимиз керак. Чунки деҳқон бой бўлса, мамлакат обод бўлади.

2547