Нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? – Тошқулов талабаларнинг оғриқли муаммосини йўқотмоқчи

Нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? – Тошқулов талабаларнинг оғриқли муаммосини йўқотмоқчи

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирига пойтахтга келадиган олий мартабали меҳмонларни кутиб олишда амалий ёрдам беришни сўраб ёўллаган расмий хатининг намунаси тарқалди. Унда меҳмонларга гул тутқазадиган талаба қизларнинг рўйхати ва суратларини 5 февралгача етказиш сўралган.

Кейинроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов номидан пойтахтдаги ОТМ ректорларига хорижлик меҳмонларни кутиб олиш ва кузатишда гулдаста тақдим этишлари учун талаба қизлар рўйхатини 5 февралгача тақдим қилишларини сўраб йўллаган хати намунаси тарқалди. Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

Хорижий ва маҳаллий меҳмонларни кутиб олишда талаба қизлардан фойдаланиш аллақачон ёзилмаган қоидага айланган. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўринбосарининг ОТМ ректорларига йўллаган хатига муносабат билдириб, талабадан фон учун фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

“Ўринбосаримиз ҳам катта хатога йўл қўйган. Энг ёмон кўрганим шу, хориждаги меҳмонларни кутиб олиш (фон) учун нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўз фарзандингизни қўйиб кўринг. Бу бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу – мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши. Яъни у қизлар хоҳлаб бораётгани йўқ. Совуқда, дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақти адрас кўйлакни кийиб гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса у. Таржимон бўлса тушунаман, туризмда ўқиса тушунаман”, деган вазир ҳолатга ўз муносабатини билдириб.

Стадионни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун ҳам талаба, фестивал бўлса ҳам талаба... Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиши керак. Керак бўлса тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ”, деган вазир.