Нега Бош прокуратура жим?

Нега Бош прокуратура жим?

Битта учоқ ҳалокатга учраб, битта одам ҳалок бўлса бош прокуратура ўша заҳоти жиноий иш қўзғатиб, суриштирувни бошлайди (нормал давлатларда!). Сардоба сув омбори тўғони ёрилиши оқибатида 70000 одам турар-жойидан кўчирилди, минглаб чорва ва уй жониворлари ўлди, одамларнинг уйлари, ишхоналар ва бошқа бинолар, далалар, коммуникация тармоқлари, йўллар сув остида қолиб, иқтисодга ўта жиддий зарар етказилди.

Шундай бир пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳеч қандай жиноий иш қўзғатмай, жиноятчиларга шерик бўлиб турибди. Ҳолбуки, Жиноят Кодексининг камида 40-50 та моддаси бўйича иш қўзғатиб, тажрибали прокурорлардан тузилган гуруҳларни офат бўлган ерларга юбориши, зарар миқдорини чамалаб, ҳужжатлаштириши, масъул ходим ва бошлиқлар билан кўришиши, жабр кўрган аҳоли билан учрашиши, ОАВларга баёнот бериши ва ҳ.к. шарт эди.

Қозоғистондаги икки қишлоқ ҳам сув остида қолганини ҳисобга олсак, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот билан чиқиб, уларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни мувофиқлаштириши зарур эди. Лекин, ТИВ ҳам жим.

Оломон эса ўз вазифасини бажармаётган идораларни эслаб ҳам қўймаяпти (балки, ҳозирчадир, яна ким билади дейсиз).

Нега ҳеч ким Бош Прокуратура ва ТИВни савол ўқига тутмаяпти?!


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.