Нега "UzAuto Motors" ни маҳаллийлаштириб бўлмайди?

Нега

Шу кунларда "UzAuto Motors" корхонасида депутатлар ва журналистлар учун пресс-тур бўлиб ўтмоқда. Бугунги кун маҳаллийлаштириш мавзусига бағишланди.

Маҳаллийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад – ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ва хорижий валютага боғлиқликни камайтириш. Шунга қарамай, автомобиль саноати импорт хом ашё ва бутловчи деталларга боғлиқ бўлиб қолмоқда, бу кўпинча маҳаллийлаштиришнинг имконсиз эканлиги билан боғлиқ. 

Масалан, енгил автомобиль учун кузовлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса-да, пўлат Россиядан келтирилади (яқинда у 35-60% қимматлашди), чунки автомобиллар учун пўлат ишлаб чиқариш саноати бизда мутлақо йўқ. 

Шунингдек, валюта курсларига боғлиқлик корхоналар олган кредитларга таъсир кўрсатади, улар бўйича фоизлар миллий валютада 20-24% ва АҚШ долларида 7-8% оралиғида белгиланган, ҳолбуки бошқа мамлакатларда бу фақат 2-3%ни ташкил этади. Фақат мана шу кредитлар фоизларини тўлашнинг ўзига 75 млрд. сўмдан ошиқ пул сарфланган.

“Ўзавтокомпонентс” АЖ директори Шафқатбек Алимов қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи 170 дан зиёд корхона мавжуд. Ушбу корхоналар базасида 200 дан зиёд технологиялар ўзлаштирилган ва 4 000 дан зиёд деталлар маҳаллийлаштирилган.