Нега «Авлоний»ни кўриб, таъсирланмадим?..

Нега «Авлоний»ни кўриб, таъсирланмадим?..

Яқинда «Севимли» телеканалида Афғонистоннинг яқин ўтмиши ҳақида кино қўйишди. Фильмда йигит-қизнинг муҳаббати орқали чорасиз халқнинг аҳволи акс этган. Қизиғи, унда бирор марта қашшоқлик ё қийинчилик, севги ҳақида сўз ишлатилмаган. Аммо мазкур картинада мазлум халқнинг дардию икки ёш муҳаббатини ҳис қила оласиз. Хўш, нега? Негаки фильмда актёрлар эмас, характерларни кўрасиз. Томошабин беихтиёр ўша йигит-қизни ўз яқинидек яхши кўриб қолади. Шу тариқа одамлар қалбида икки ёш тимсолидаги халқнинг даврга, зулм-зўравонликка нафрат ҳисси уйғонади.

Ўзбек киносида шундай жонли характерлар борми?

Бир қанча вақт олдин «Авлоний» экранларга чиқди. Афсуски, узоқ кутилган фильм шахсан менда яхши таассурот уйғотолмади! Чунки Абдулла Авлоний характери кўринмади! Фильмда Авлонийни яхши кўриб қолишга сабаб бўладиган омиллар йўқдек гўё.

Абдулла Авлонийнинг ҳаёт йўлию жасорати, матонатини шусиз ҳам ҳаммамиз биламиз. Шундай экан, барчага аллақачон маълум нарсани шунчаки кўрсатиш керакмасди – Авлонийнинг шахсияти, характерини очиш, миллат қаҳрамони аслида қандай инсон эканини одамлар кўрсатиш зарур эди. Токи томошабин кино тугагач, Авлонийни фақат ўтмишдаги бир шахс ёинки қаҳрамон сифатида эмас, аввало, ўз қадрдонидак кўра олсин, унга эргашсин! Афсуски, шу хусусиятлар кўринмади.

«Илҳақ»да ҳам шу нарса. Беш ўғил образида томошабин ўз акаси, укаси, ўғлини кўра оладиган характерлар йўқ. Томошабин учун беш ўғил шунчаки урушдан қайтмади. Агар режиссёр уларнинг нозик жиҳатларини топа олганида, одамлар худди биродари урушдан қайтмагандай, онаизор билан бирга кўз ёш тўккан бўларди. Уруш инсоният қалбида қанчалик катта жароҳатлар қолдирганини кўрган, бир неча кун кино таъсиридан чиқолмай, тўлғанарди.

Умуман, ўзбек кино-сериаллари – оғриқли нуқтамиз. «Хўрланган аёл», «Хўрланган келин», «Мазлумлар», «Залолат», «Алданган қиз», «Алданган аёл» ва ҳоказоларнинг номларида ҳам, воқеалар ривожида ҳам бутун бошли ўзбек халқи ожиз, бечораҳол, ўз қарашларига эга бўлмаган, чув тушиб юрган дея кўрсатилган. Режиссёрлар бу билан халқнинг бадиий диди, миллий ғурурини букишмаяптимикан?..

Адабиёт ва санъат шундай қудратли нарсаки, макон ва замон танламайди, инсонлар онгига, ҳаётига таъсир ўтказади. Шундак экан, санъат ҳаётимизга яхши маънода таъсир ўтказсин.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.