Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади

Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади

“Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ-4754-сон, 17.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:

- Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Қарор билан Апелляция кенгашининг асосий вазифалари белгиланди.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш Апелляция кенгашининг вазифаларидан биридир.

Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан 2,5 йил муддатга тасдиқланади.

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин.

Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади.

Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса 3 кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. 

Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида 3 кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Қарор билан Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.