Нобанк ташкилотлар исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиши мумкин

Нобанк ташкилотлар исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиши мумкин

“Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–765-сон, 20.04.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, микромолия ташкилоти, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти нобанк кредит ташкилолари ҳисобланади.

Микромолия ташкилотлари тадбиркорларга кредитлар (300 млн сўмгача), лизинг, кафолатлар бериши, факторинг хизматлари ва исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиши мумкин.

Исломий молиялаштиришга оид хизматлар – исломий молиялаштиришни амалга ошириш стандартларини белгиловчи халқаро ташкилотларнинг қоидаларига мувофиқ Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган молиявий хизматлар.

Ломбардлар гаров эвазига қисқа муддатли (1 йилгача) микроқарзлар (50 млн сўмгача) беради.

Нобанк кредит ташкилотлари ишлаб чиқариш, суғурта, савдо фаолиятини амалга оширишга ва омонатларни (депозитларни) жалб этишга ҳақли эмас.

Микромолия ташкилотининг ёки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотининг фаолияти тегишли реестрларга киритиш воситасида ҳисоб рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Ломбард фаолияти ломбард фаолиятини бошлаганлик тўғрисидаги хабарнома қабул қилинганлиги Марказий банк томонидан тасдиқланганидан кейин амалга оширилади. 

Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.