Норвегияда коронавирусга қарши Pfizer ваксинаси билан эмланган икки киши вафот этди.

Норвегияда коронавирусга қарши Pfizer ваксинаси билан эмланган икки киши вафот этди.

Норвегияда Американинг Pfizer компанияси ва унинг Германиядаги шериги BioNTech томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши ваксина билан эмланган икки киши вафот этди, деб ёзади “РБК”.

Норвегия дори воситалари агентлиги маълумотларига кўра, иккала қурбон ҳам қариялар уйларидан бирида яшаган. “5-январ, сешанба куни биз ваксинасиядан кейин бир неча кун ўтиб юз берган ўлимлар ҳақида иккита хабар олдик”, — дейилади хабарда.
Муассасада маълум қилишларича, мутахассислар ўлимга ваксина сабаб бўлганлиги ёки уларнинг эмлашдан кейин вафот этиши тасодиф эканлиги юзасидан текширув олиб бориши керак.
Агентлик қайд этишича, айни пайтда Норвегияда жиддий касалликлари бўлган энг заиф ва касалликка чалинувчан одамлар эмланмоқда.
Pfizer ва BioNTech ваксинасидан фойдаланган ҳолда эмлаш Норвегияда 27-декабр куни бошланган эди. Мамлакатда энг биринчи бўлиб Ослодаги қариялар уйида яшовчилар эмланган эди. Агентлик маълумотларига қараганда, Норвегиядаги қариялар уйларида ҳафтасига қарийб 400 киши вафот этмоқда. Бу рақам қариялар уйларида яшовчилар эмланганидан кейин ўзгариш-ўзгармаслиги устидан кузатув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Португалияда шифокор Сония Асеведо Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19 касаллигига қарши ваксинаси билан эмланганидан сўнг тўсатдан вафот этган эди.