Ноябр охирида Ерга 17,4 миллиард долларлик астероид яқинлашади

Ноябр охирида Ерга 17,4 миллиард долларлик астероид яқинлашади

Ноябр охирида Ер ёнидан унга хавф солиши мумкин бўлган, ўлчами 370 метрдан 820 метргача бўлган астероид учиб ўтади. Эътиборлиси, астероид фойдали қазилмаларга бой бўлиб, уларнинг умумий қиймати 17,4 млрд долларга баҳоланмоқда.

NASA’нинг Ер атрофидаги объектларни ўрганиш маркази сайтида маълум қилинишича, 153201 (2000 WO107) астероиди сайёрамизга 29 ноябрда яқинлашади. Бу вақтда у билан Ернинг орасидаги масофа 4 млн кмдан кўпроқни ташкил қилади. Бу Ой ва Ер ўртасидаги масофадан 10 марта кўпроқ деганидир. Астероид Ер орбитасини кесиб ўтиши сабабли хавфли объект деб ҳисобланади. 

Астероиднинг спектрал таҳлили унда никель, темир ва кобальт моддалари борлигини кўрсатган. Астероидларнинг спектрал таҳлили ва ўлчамлари асосида ундаги фойдали қазилмаларнинг қийматини баҳоловчи Asterank маълумотлар базасига кўра, 153201 астероидидаги фойдали қазилмаларнинг умумий қиймати 17,4 млрд долларни ташкил қилади. 

Аввалроқ Ер ёнидан кичик ўлчамдаги астероид рекорд даражадаги яқин масофада учиб ўтгани маълум қилинганди. 13 ноябрда 2020 VT4 астероиди Ер ёнидан бор-йўғи 373 км узоқликда учиб ўтган.