Нукусда бир-бирига туташ 4 та уйда ёнғин содир бўлди

Нукусда бир-бирига туташ 4 та уйда ёнғин содир бўлди

Кеча, 24 сентябрь куни Қорақолпоғистоннинг Нукус шаҳрида бир-бирига туташ қурилган хонадонларда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.  

Қайд этилишича, соат 15:45 да Нукус шаҳрининг Қумовул маҳалласи Чегинбаев кўчасида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Шунга кўра 7 та ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 15:47 да етиб бориб, ёнғинни 17:05 да тўлиқ бартараф этган. 
  
Ёнғин оқибатида бир бирига туташ қурилган 4 та уйнинг таҳминан 357 кв.м. майдонда томи, шифти ва ички қисми ёниб зарарланган.  
  
Хабарга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.