Нукусда ижарада яшовчи 18 ёшли талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этди

Нукусда ижарада яшовчи 18 ёшли талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этди

Нукусдаги кўпқаватли уйларнинг бирида талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 ноябрь куни соат 07:00 ларда Нукус шаҳри, 22-кичик туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшовчи йигит Р.Р. хонадонда ўрнатилган иситиш қозони оташхонасидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Айни пайтда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, марҳум йигит 18 ёшда бўлиб, Нукус Давлат педагогика институтининг физика-математика факультети 2-курс талабаси бўлган.

Терговга қадар текширишда аниқланишича, ҳодиса содир бўлган хонадонда Р.Р.дан ташқари яна 6 киши бўлган. Марҳум Р.Р. ошхонада ухлаб, қолган 6 киши бошқа хоналарда бўлган. Шу сабабли Р.Р.дан ташқари улардан ҳеч бири ис газидан заҳарланмаган.