Нукусда икки бола муз остига тушиб кетди

Нукусда икки бола муз остига тушиб кетди

Кеча, 29 декабрь куни соат 16:45 да Нукус шаҳри яқинида жойлашган “Қоскўл” кўли ўртасида иккита вояга етмаган бола муз остига қолиб кетди. Бу ҳақда гувоҳлар Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига хабар бергач, улар қутқарилди.

Маълум қилинишича, ташвишли хабарни қабул қилган Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари болаларни қутқариш учун воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган. 

Маълум бўлишича, кўл ўртасида икки нафар ўйинқароқ дўст муз устида ўйнаётган вақтида муз ёрилиб, дўстлар сувга тушиб кетган. Совуқ сувда ўзларини йўқотмаган болакайлар музлаган сувдан чиқиб олиб, кўл ўртасидаги оролчада қолиб кетишган. Муз ёрилганлиги туфайли болаларнинг ортга қайтиш имкони бўлмаган.

Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида оролчада қолиб кетган болалар қирғоққа олиб ўтилиб, воқеа жойида уларга биринчи тиббий ёрдам берилган ва малакавий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Айни вақтда икки дўстнинг аҳволи яхши,  улар ота-онаси бағрида.