Нукусдаги ҳайвонот боғида жониворлар сувсиз қолгани айтилмоқда

Нукусдаги ҳайвонот боғида жониворлар сувсиз қолгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳридаги хусусий тадбиркорга тегишли Ҳайвонот боғи («Нукус ҳайвонот боғи» МЧЖ)да жониворларнинг сувсизликдан қийналаётгани, уларга яратилган шароитлар талаб даражасида эмаслиги тўғрисида тарқалган хабар юзасидан Экопартия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Нукус шаҳар инспекцияси вакиллари ҳамкорликда мазкур ҳайвонот боғида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганиш давомида қуш ва ҳайвонларнинг сақлаш шароитида камчиликлар аниқланди.

Жумладан, ҳайвонлар сақланадиган қафасларни жорий таъмирдан чиқариш, ҳайвонот боғи ҳудудида ободонлаштириш ишларини ташкил қилиш борасида мутахассислар томонидан ҳайвонот боғи раҳбарига кўрсатиб ўтилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси аъзоси Л.Сейтова ҳам ҳайвонот боғи маъмуриятига камчиликларни белгиланган вақтда бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини берди ҳамда ҳолатни ўз назоратига олганини билдирди.

Ўзбекистон Экологик партияси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишни кескин қоралайди.

Эслатиб ўтамиз, ҳайвонот боғлари — илмий-маърифий муассаса ҳисобланиб, бу ердаги жониворларни намойиш қилиш, ўрганиш, кўпайтириш мақсадида тутқунлик (қафас, волер) ёки ярим тутқунлик (табиий яшаш шароитига ўхшаш майдонлар)да боқилади.

Ҳайвонот боғларида ҳайвонлар ўрганилади, табиий-илмий билимлар, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш масалалари тарғиб қилинади, ҳайвонларнинг «Қизил китоб»га кирган турлари сақланади ҳамда кўпайтирилади.

Ҳайвонларни иқлимлаштириш, касалликларини ўрганиш, даволаш, олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш ва бошқалар устида илмий тажриба ишлари олиб борилади. Ўқувчилар учун экскурсиялар, зоологияга оид мавзуларда лекция, биологик кўргазмалар уюштирилади.