Ўзбекистонлик ҳарбий учувчилар АҚШдан келган ҳамкасбларига мастер-класс ўтди

Ўзбекистонлик ҳарбий учувчилар АҚШдан келган ҳамкасбларига мастер-класс ўтди

Америка Қўшма Штатлари ҳарбий авиация делегацияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида меҳмон бўлиб турибди. Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида жойлашган ҳарбий аэродромда ҳамкорликдаги тренинглар ва парвозларни амалга оширди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Парвозлар турли иқлим шароитларида – тоғли ва саҳро, тунги кўриш мосламаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилди. Хорижлик ҳарбий мутахассислар ўзларининг назарий тажрибалари билан бўлишганидан сўнг, ўзбекистонлик учувчилар олинган билим ва кўникмаларни амалда синаб кўрди. Бунинг учун иккита махсус вертолёт тайёрланиб, ҳамкорликда парвозлар амалга оширилди.

Таъкидланишича, жуда паст баландликда кучли кесишган ҳудудларда парвозларни амалга ошириш энг мураккаб жараён ҳисобланади. Бу каби шароитда учиш учун катта тажрибага эга профессионал учувчилар танлаб олинади. АҚШдан келган ҳарбий учувчилар ўзбекистонлик учувчилар ёрдамида баланд тоғ даралари устидан парвоз қилиб, маҳаллий ҳудуднинг ажойиб манзараларини суратга олишга муваффақ бўлди.

АҚШ Қуролли Кучлари учувчиси подполковник Бред Хоунинг қайд этишича, ташрифдан мақсад – Ўзбекистон билан вертолёт ва транспорт авиацияси соҳасида учувчиларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни олиб бориш.

“Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларининг учувчилари бошқарувида парвозларни амалга оширдик. Тўғрисини айтаман, улар юқори даражадаги парвозларни намойиш этишди. Миссисипи штатидан бўлган учувчиларимиз учун бу ҳақиқий мастер-класс бўлди. Бизда машғулотлар асосан текис ҳудудларда амалга оширилади, шу сабабли учувчиларимизнинг тайёргарлик даражасини ошириши учун сизнинг тажрибангиз муҳим аҳамиятга эга”, –дейди подполковник Бред Хоу.

464