ОАВ: Ҳиндистонда 300 дан ортиқ киши номаълум касаллик билан шифохонага ётқизилди. Бир киши вафот этган

ОАВ: Ҳиндистонда 300 дан ортиқ киши номаълум касаллик билан шифохонага ётқизилди. Бир киши вафот этган

Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги Элуру шаҳрида бир киши номаълум касалликдан вафот этди, яна 315 киши худди шу касаллик белгилари билан касалхонага ётқизилди, деб хабар бермоқда «РБК».

The Hindu газетаси маълум қилишича, беморларда бош айланиши, бош оғриғи ва эпилепсия (тутқаноқ) симптомлари кузатилмоқда. Уларнинг коронавирусга топширган тестлари манфий натижа берган.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари хабар қилишича, касалланганлар тез соғаймоқда, уларнинг 170 нафарига уйга кетишга рухсат берилган. Айни пайтда сув, озиқ-овқатлар ва беморларнинг қон таҳлиллари натижалари кутилмоқда.

The Times of India маълумотларига қараганда, касалланганлар 5 декабрь, шанба куни шифокорларга мурожаат қила бошлаган. Ўша куни номаълум касаллик белгилари Элурунинг турли ҳудудларида яшовчи 45 кишида аниқланган.

Нашрнинг ёзишича, экспертлар касаллик келиб чиқиши билан боғлиқ бир нечта версияларни кўриб чиқмоқда, улар орасида ҳаво ифлосланиши оқибатида ёки сифатсиз озиқ-овқатлардан заҳарланиш.

 

Ноябрь ойида Сенегалда ўнлаб балиқчилар очиқ океанда номаълум касалликни юқтириб олган эди. Ўшанда Сенегалда (Ғарбий Африкада жойлашган) 200 га яқин киши номаълум касалликка чалинган, улар очиқ океанда уни юқтириб олгани тахмин қилинган эди.