ОАВ ва матбаа фаолияти учун гувоҳнома бериш энди my.gov.uz портали орқали амалга оширилади

ОАВ ва матбаа фаолияти учун гувоҳнома бериш энди my.gov.uz портали орқали амалга оширилади

Оммавий ахборот воситалари жамиятда «тўртинчи ҳокимият» деб номланади, сабаби улар қонун устуворлиги ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Aммо ушбу йўналишдаги фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш ва рўйхатдан ўтиш талаб қилинади, бу эса ўз навбатида узоқ вақт сарфлаб ва ҳар доим ҳам яқин жойда бўлмаган давлат идораларига қайта-қайта ташриф буюришни талаб қилиши мумкин.

Ушбу муҳим соҳалар фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт- шароитларни яратиш мақсадида Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш Маркази томонидан лицензия олиш ва рўйхатга олиш имконини берувчи қатор хизматлар my.gov.uz орқали ишга туширилди, улар: 

▪️ нашриёт фаолияти; 
▪️ матбаа фаолияти; 
▪️ оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш.

Энди юқорида кўрсатилган фаолиятлар учун лицензия ва гувоҳнома олиш учун ариза берувчилар давлат муассасаларига шахсан мурожаат қилишлари шарт эмас. Бунинг учун  ЯИДХП нинг «Лицензиялаш» бўлимида керакли давлат хизматларини топиш, тегишли майдонларни тўлдириб ариза юбориш ва кўриб чиқиш натижасини кутиш кифоя. Бундан ташқари, хизматларни «ОАВ», «матбаа», «ноширлик» калит сўзларини киритиб сайтнинг қидирув тизимидан бир неча сонияда  топиш мумкин.

Мазкур хизматларни ЯИДХП да жорий этиш ҳисобига жисмоний ва юридик шахслар учун катта қулайликлар яратилди, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди, жумладан:

- оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш — 30 кундан 15 кунгача қисқартирилди;

- матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома олиш — 15 кундан 10 кунгача қисқартирилди;

- ноширлик фаолиятини лицензиялаш — 20 кундан 10 кунгача қисқартирилди.

Ноширлик фаолияти учун лицензия олишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравар миқдорида тўлов ундирилади, бу айни пайтда икки миллион икки юз ўттиз минг сўмни ташкил этади, бироқ хизмат ЯИДХП орқали бажарилса 10% чегирма берилади, бу эса икки юз минг сўмдан ортиқ маблағни тежаш тадбиркорга имконият демакдир.

Бундан ташқари, болалар адабиётлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар лицензия берилганлик учун  белгиланган тартибда тўланиши лозим бўлган давлат божидан озод қилинади.

Ушбу қулай имкониятни берувчи хизмат электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш Маркази, Ягона интегратор UZINFOCOM ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ишга туширилди.