Одил Аҳмедов: "Футболни алдаб бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим"

Одил Аҳмедов:

ЎФА навбатдаги ташқари конгрессининг иккинчи қисмида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов, Терма жамоалар маркази бошлиғи Азиз Ҳайдаровдан кейин сўз миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедовга берилгач, 33 ёшли футболчи бош жамоамиз сафидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

«Бугун жуда кўп гапирилди, лекин мен битта нарсани айтиб ўтмоқчиман – футболни алдаб бўлмайди. Агар биз бугун ўзгармасак, ҳар сафар саралаш якунида шу ерда туриб кечирим сўраймиз. Футболчи бўладими, мураббий бўладими ёки умуман футбол соҳасида ишлайдиган бўладими футбол манфаатини биринчи ўринга қўймаса, бизда ҳеч қачон натижа бўлмайди.

Футболда майда деталлар кўп. Мен гапирадиган бўлсам, бу баҳонадек кўринади. Буни футбол ичидагилар тўғри тушунади. Асосий муаммоларимиздан бири биз болалар футболини тўғри йўлга қўймаганмиз. Фундамент бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим», - деди Одил Аҳмедов.