Оҳангаронда маҳбусни майор ва оперлар калтаклади

Оҳангаронда маҳбусни майор ва оперлар калтаклади

Сўнгги йилларда қамоқхоналарда маҳбусларга зўравонлик қилиш ҳолатлари сезиларли камайган бўлса ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетмади.

Сайтимизга Оҳангарондаги 48-рақамли (аввалги рақами 69) “колонка”да маҳбус Файзуллоҳни кучишлатар ходимлар аёвсиз калтаклашгани хабари етиб келди.

Маюнусов Файзуллоҳ Ҳасан ўғли 1991 йилда Андижон вилояти Избоскан тумани Чувама ҚФЙда туғилган. 244-модда билан олти йилга ҳукм қилинган. Шу кунларда Файзуллоҳ сенсор телефон ишлатиб, унда диний маъруза эшитгани учун калтаклаб жазо беришган. Бу Зоҳид исмли майорнинг сменасида содир бўлган. Калтаклаш жараёнида колония бошлиғининг ёрдамчи навбатчиси (қисқача ДПНК) Зоҳид исмли майордан ташқари “началник опер” Ойбек, “старший опер” Миразизлар қатнашган.

Бу “колонка”да илгари ўтирганлардан шарт-шароитини суриштирдик.
-  Калонканинг аввалги номери 69 бўлган. Уни иккинчи Жаслиқ деб ҳам аташарди. Хозяини Ж. З. Жумабоев, қаттиққўллиги билан колонкани “Жаслиқ”қа айлантирган ҳам ўша. 2018 йилнинг ёзида режими бир оз юмшаган. У олдин бу ерда ишлаб кетиб қолган, кейин яна қайтган. Калтаклаган оперни ҳам танийман, порахўр одам. Маҳбуслардан пора ундиради-да, яна “казёллик қилма”, деб дўқ ҳам қилиб қўяди, - деб тушунтирди эски маҳбуслардан бири.

Ўша куни юқорида айтилган кишилар Файзуллоҳнинг оёғининг остига 50 мартадан кўп дубинка билан урган. Калтаклаш жараёнида майор “санлар ватан хоинисан, санларни отиб ташлаш керак” деб айтган. Оқибатда Файзуллоҳ юра олмай қолганидан бошлиқнинг олдига кўтариб олиб чиқишган. Бошлиқ жабрланувчининг аҳволи оғирлигини кўрган ва ўзига келишини ҳисобга олибb 13 кунга ШИЗОга жўнатган. Файзуллоҳ ҳозир ҳам ШИЗОда.

Маҳбусга зўравонлик воқеаси тафсилоти тарқалиб кетганидан кейин навбатчи майорни асраб қолиш учун вақтинча ДПНКликдан бўшатиб туришибди.