Оксана Чусовитина саккизинчи марта олимпиадада иштирок этиб, ўз рекордини яна янгилайди

Оксана Чусовитина саккизинчи марта олимпиадада иштирок этиб, ўз рекордини яна янгилайди

Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлиб ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатида Оксана Чусовитина 12-ўринни эгаллади ва бу натижа унга Токио-2020 Олимпиадаси лицензиясини тақдим этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.

Регламентга кўра, Хитой, Япония, Россия ва АҚШ давлатлари атлетларидан ташқари қолган барча мамлакатлар спортчилари жаҳон чемпионатида кучли 24 таликдан жой олишса, келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани нақд қилишарди.

Юқорида санаб ўтилган давлатлар спортчилари эса олимпиада лийенциясига эга бўлишлари учун кучли учликка киришлари талаб этилади. Бунга сабаб, бугунги кунда Хитой, Япония, Россия ҳамда АҚШ терма жамоалари спорт гимнастикасида қолган юрт спортчиларидан анчагина илгарилаб кетишган ва мазкур қарор бошқа давлатлар атлетларига ҳам имконият тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 44 ёшли Оксана Чусовитина бунгача Барселона-1992, Атланта-1996, Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008, Лондон-2012 ҳамда Рио-2016 олимпиадаларида ҳам иштирок этган. Жумладан, у 1992 йилги Барселона олимпиадаси ғолиби саналади. Демак, Токио-2020 олимпиадаси ҳамюртимиз учун саккизинчи Олимпия ўйинлари ҳисобланади. Бу вақтда спортчимиз 45 ёшга қадам қўйган бўлади.