Оксфорд университети олимлари ернинг сейсмик ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга келади

Оксфорд университети олимлари ернинг сейсмик ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга келади

Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси ходимлари Оксфорд университетининг Ер фанлари факультети профессори Ричард Уолкер ва Археология мактаби тадқиқотчиси Пол Вудворс билан онлайн музокаралар ўтказишди.

Унда Окфсорд университети делегациясининг жорий йил 25 март - 2 апрель кунларидаги Ўзбекистонга амалий сафарига ҳозирлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Сафар давомида Британия томони вакиллари мамлакатимизнинг турли минтақаларда бўлишиб, ерларнинг сейсмик хавфлилик даражасини ўрганишлари режалаштирилмоқда.

Хусусан, Оксфорд университети олимлари Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Ҳонқа қишлоғига бориб, у ерда юз йиллар бурун юз берган зилзилалар ўрнини ўрганишади. Келажакда сейсмик хавфнинг олдини олиш бўйича британиялик олимлар томонидан йўлдош орқали олинган суратлар ёрдамидаги «сейсмик» ҳудудлар харитаси яратилади.

Сафар дастуридан, шунингдек, Фанлар академияси ҳузуридаги институтлар ва Оксфорд университети ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокараларни ўтказиш, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида бундан олдин юз берган зилзилалар ўрнини ўрганиш,  сейсмик хавфнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Музокаралар чоғида Оксфорд университети вакиллари Ўзбекистон Фанлар академияси билан Ҳамкорлик меморандумини имзолашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Мазкур Меморандум Тошкентда имзоланиши назарда тутилган.