Октябрда ҳаво ҳарорати +27 даражагача иссиқ бўлади — Ўзгидромет

Октябрда ҳаво ҳарорати +27 даражагача иссиқ бўлади — Ўзгидромет

Ўзгидромет хабарига кўра, шу ҳафтанинг охиригача Россиянинг Европа қисми устида жойлашган кенг кўламли совуқ антициклоннинг жанубий чеккаси таъсири сақланиб туради. Ўзбекистонда паст ҳарорат фонида ҳарорат бироз ўзгариб туриши кутилмоқда.

Булутли ва ёғингарчиликли об-ҳавода кундуз кунлари ҳарорат +13...+16 даражагача пасаяди, ҳаво очиқ бўлганда эса +19...+22 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳарорат +5...+10 даража илиқ атрофида бўлади. Биринчи ўн кунликнинг охиригача ўртача ҳаво ҳарорати ушбу давр учун меъёрий қийматлардан 2-4 даражага паст бўлади.

5 октябрда Ўзбекистоннинг шимолида, 6 ва 8-9 октябрда республиканинг марказий ҳудудларида ва Фарғона водийсида жадаллиги асосан бироз бўлган ёмғир ёғиши кутилмоқда. 6-9 октябрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда жадаллиги кучли бўлган ёмғир ёғади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ушбу кунларда тезлиги бироздан ўртачагача бўлган асосан шарқий йўналишдаги шамол эсади, шимолда ва чўл ҳудудларида 15-20 м/с гача кучаяди.

Октябрь ойининг охиригача ҳарорат ўзгариб туриши кутилмоқда – энг иссиқ кунларда ҳарорат +22...+27 даража илиққача кўтарилади, энг совуқ кунларда ҳарорат +13...+18 даражагача пасаяди. Кечалари ҳарорат +5...+10 даража илиқдан 0...+5 даража илиқгача ўзгариб туради. Учинчи ўн кунликда баъзи жойларда +1 даража совуққача бўлиши мумкин. Умуман октябрь ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан +1...+1,5 даражага паст бўлиши кутилмоқда.

Иқлимий меъёрларга асосан, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари бўйича октябрь ойида 3 кундан 5 кунгача, қолган ҳудудларда 5 кундан 7 кунгача ёғингарчилик бўлади. Октябрь ойида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, аммо кескин совуқ бўлишида ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши мумкин. Охирги марта 2018 йилнинг октябрь ойида Тошкентда ёмғир қорга айланиши кузатилган.

Кечалари ҳаво ҳароратининг ўртача кўп йиллик қийматлари +6...+11 даражани ташкил этади, камдан кам ҳолларда октябрь ойида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида биринчи кузги совуқлар кузатилади.

Октябрь ойида ҳаво ҳарорати одатда +23...+28 даража илиқдан +10...+15 даража илиқгача ўзгариб туради.