Олий Мажлис депутати 47 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди

Олий Мажлис депутати 47 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Қурбонов 47 ёшида коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди, деб хабар бермоқда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Абдураҳим Қурбонов 1974 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган. 1996 йилда Термиз давлат университетини тамомлаган. Ўша йили у Термиз давлат университетида дарс беришни бошлаган. 1999 йилдан 2001 йилгача у аспирант, ўқитувчи, сўнгра университетнинг катта ўқитувчиси бўлган.

2009 йилда у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида иш бошлаган. 2010—2019 йилларда Қонунчилик палатасининг Қонунчилик, суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси бўлган. 2019 йилда Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқий масалалар қўмитаси аъзоси лавозимини эгаллаган.

Вафотига қадар аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.