Олий Мажлис Сенати аъзоси Топиболди Холдоров 79 ёшида вафот этди

Олий Мажлис Сенати аъзоси Топиболди Холдоров 79 ёшида вафот этди

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари Топиболди Холдоров 22 август куни 79 ёшида вафот этди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, у сурункали юрак ва буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Топиболди Холдоров Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий илмий ёрдам марказида даволанаётган бўлган.

Топиболди Холдоров 1942 йил 1 февралда Фарғона туманида туғилган, вилоятда матлубот ва савдо соҳаларида турли вазифаларда меҳнат қилган. 2000 йилдан 2009 йилга қадар «Нуроний» жамғармаси Фарғона тумани бўлинмаси, 2009—2020 йилларда «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси бўлган. 60 йиллик меҳнат фаолияти даврида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фаол иштирок этиб келган. 2016 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, марҳумнинг жанозаси кечки соатларда унинг хонадони — Фарғона туманидаги Ёшларобод қишлоғи «Тинчлик» МФЙда ўтказилади.