Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги ҳамда «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси таркиби тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Регламент ва одоб  комиссиясининг айрим аъзолари бошқа ишга ўтганлиги сабабли комиссия таркибидан чиқарилган.

Комиссиянинг янгиланган таркибига, хусусан, комиссия раислигига — Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Нукритдинович Бурханов, Комиссия раиси ўринбосарлигига Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Асқарович Чўллиев ва унинг аъзолигига сенатор Санобар Зарфуллаевна Суярова номзодлари сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қолаверса, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди. Шу жумладан, Сенат қарори билан Олий суд судьялари Нодира Алохоновна Бобохонова ҳамда Жанагул Исмайловна Балкибаева бошқа ишга ўтганликлари муносабати билан Олий суд судьяси лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари тасдиқланди.

Ялпи мажлисда 21 та масала, шу жумладан, 8 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.