Олий суд: «Саид-Абдулазиз Юсупов оқлангани йўқ»

Олий суд: «Саид-Абдулазиз Юсупов оқлангани йўқ»

Таниқли журналист Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарлик жинояти натижасида етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Бу ҳақда 21 июль куни АОКА биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов айтиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар бермоқда.

2019 йилнинг 10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан айбланиб, қўлга олинган Саид-Абдулазиз Юсупов 8 июль, чоршанба куни қамоқдан озод этилганди.

Юсуповнинг адвокати Арслон Шаймардоновнинг маълум қилишича, мижози етказилган зарарни қоплагани учун озодликка чиқарилган.

Бош прокуратура расмий баёнотига кўра, Саид-Абдулазиз Юсупов ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олганликда  айбланган. 2019 йилнинг сентябрида Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бўлиб ўтганди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг маълум қилишича, Саид-Абдулазиз Юсупов икки марта судланган.

«Биринчи ҳолатда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Иккинчи ҳолатда судга яна фирибгарлик жинояти бўйича иш тақдим қилинди. Суд тергов жараёнида фирибгарлик жинояти натижасида етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, қамоқдан озод қилинди, оқланмади», – деди Икром Муслимов.

Шу вақтга қадар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Саид-Абдулазиз Юсупов ўзи раҳбарлик қилган фонднинг 270 миллион сўм маблағларини ўзлаштиришда гумон қилингани ва унинг «кабинет»ини тинтув қилиш пайтида ташқи кўринишидан Макаров тўппончасига ўхшаш Байкал газли тўппончаси топилиши ҳолатлари нима билан якун топганига изоҳ берганича йўқ.