Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Олий таълим муассасаларидаги яширин «ўйин»лар
29.07.2020 20:52,  
1916

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Адолат СДП фракцияси аъзоси Муҳаммад Валиев олий таълим тизимидаги коррупцион муаммолар ҳақида сўз юритди.

"Коррупция бу тараққиётга тўсқинлик қилувчи энг асосий иллат бўлиб, дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Сўнгги йилларда, давлатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, яъни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» ги қонун, Ўзбекистон Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармон билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури шулар жумласидандир.

Давлатимизда коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида илк бор қайд этилган эди. Кейинчалик ушбу фикрлар Давлат дастурида ҳам акс этди. 2020 йил 29 июнда «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президентнинг Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик олдига коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни аниқлаш, коррупсиоген ҳолатларга сабаб бўлувчи шароитларни бартараф этиш, коррупцияга қарши самарали тарзда курашиш ва шаффофлик таъминлаш устувор вазифа, деб белгиланди.

Демократик ислоҳотлар амалга оширилиб, қадриятлар қарор топиб бораётган бугунги шароитда давлат хизматчилари томонидан коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши бошқарув тизимининг бузилишига ёки зарарланишига сабаб бўлади, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказади. Юқори даражадаги коррупция давлатни инқирозга олиб келади, давлат ҳокимияти шахсий манфаатларга бўйсундирилгани боис, халқнинг норозилигига сабаб бўлади.

Ҳар бир давлат ижтимоий соҳасининг тараққиёти таълим тизимининг, шунинг ичида олий таълим тизимининг мукаммаллашишига боғликдир. Бунинг учун эса олий таълим соҳасида қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш, «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш энг долзарб муаммоларнинг бири ҳисобланади.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг (ОТМ) ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятидан ташқари қуйидаги йўналишларда ҳам бир қатор коррупсиоген ҳолатлар кузатилмоқда:

  • Олий таълим муассасалари ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўлиқ ОТМ раҳбарияти томонидан монополлаштирилгани, ОТМ ҳудудида овқатланиш масканлари, канселярия ва компьютер хизматлари, нашриёт, қўшимча маблағ келтирувчи фаолият юзасидан ижара пулларни шартномада кичик миқдорда кўрсатиш, амалда эса қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш жараёни;
  • ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, таъмирлаш учун зарур бўлган маҳсулотларни тендер ҳужжатларини сохталаштириш, ўзига «қарашли» фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш, қурилиш материаллари учун ажратилган маблағларни «таниш» корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш жараёни;
  • ОТМларни моддий техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни, ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндош томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархларда харид қилиш, техник хизмат кўрсатиш белгиланганидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратиш;
  • ОТМ раҳбарлари ўзларига «яқин» профессор-ўқитувчилар ва ходимлари номига пулли мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш ҳолатлари;
  • Талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш ҳамда у ердаги ташкилий масалаларга талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш жараёни.

Келтириб ўтилган муаммолар рўйхати бу билан чекланмайди. Бу каби тизимли муаммолар деярли ҳар бир ОТМда учраб туриши Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги учун ҳам янгилик эмас. Лекин йиллар давомида бу муаммоларни бартараф этилмаганлиги ОТМларнинг асосий вазифаси бўлган сифатли таълим беришига тўсқинлик бермоқда.

Янги тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юқоридаги каби муаммоларга ҳам эътибор қаратиб, уларни бартараф этишда ҳар бир ОТМ жамоасининг фикрини яширин тарзда ўрганилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўрганиш натижалари очиқ ҳолатда жамоатчиликка ошкор этилсагина бундай салбий ҳолатлар олди олинарди. Зеро коронавирус пандемияси кўплаб соҳалар каби таълим тизимидаги муаммоларни яққол намоён этиб берди. Бу муаммоларни бугун бартараф этмасак келажак авлод бизни кечирмайди" - дейди Олий Мажлис депутати.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан