Олмаотадан хоҳловчилар Ўзбекистонга қайтарилади

Олмаотадан хоҳловчилар Ўзбекистонга қайтарилади

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги элчихонаси, Олмаота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилган.

Маълум қилинишича, қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилган. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланган.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.

“Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади”, - дейилган хабарда.

Ҳозирда Олмаота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда.

Мамлакат фуқаролари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Ўзбекистоннинг Нур-Султон (телефон рақами: +7 771 020 36 73), Олмаота (+7 777 950 44 33) ва Ақтау (+7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.