"Омикрон": Европа яна тиббий ниқобга "қайтмоқда"

Коронавируснинг “омикрон” штамми ҳақида борган сари кўпроқ маълумотга эга бўляпмиз. Аммо олимлар бу борада якуний ва якдил хулоса чиқариш учун ҳали фактлар етарли эмаслигини айтишмоқда — дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Шунга қарамай, ҳозиргача ўтказилган изланишлар натижалари “омикрон”ни юқтирганларда касаллик “дельта”га нисбатан енгил ўтаётгани ҳамда ўлим кўрсаткичлари камлигини тасдиқлайди. 

Буни Шотландия олимлари ўзига хос усулда ҳисоб-китоб қилишди. Бунинг учун “омикрон” ва “дельта”ни юқтирганлар сони ҳамда госпитализация кўрсаткичлари ўзаро таққосланди. 

Маълум бўлишича, агар янги штамм “дельта” каби оғир кечганида, ҳозир Шотландия касалхоналарида ушбу вариантдан даволанаётган беморлар сони 47 нафарни ташкил этиши керак эди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич айни пайтда бор-йўғи 15 тага тенг.

“The Guardian” нашри эса “омикрон”га хос умумий симптомлар ҳақида ёзди. Унга кўра, ушбу вирус тури билан касалланган беморларда томоқ оғриғи ва қичишиши, мушаклар зирқираши, чарчоқ, қуруқ йўтал ҳамда кечаси терлаш каби белгилар кузатилади.

Янги штаммдан илк ўлим Германияда ҳам қайд этилди. 

Буюк Британияда эса коронавирусга чалиниш бўйича рекорд кўрсаткичлари ҳар куни янгиланяпти: охирги суткада бу ерда деярли 120 минг янги ҳолат аниқланган. 

Шундай бўлса-да, мамлакатда “омикрон”ни юқтирганлар орасида касалхонага ётқизиш хавфи кескин камайиб бораётгани ижобий кўрсаткич. 

Испанияда эса нафақат жамоат жойлари, балки кўчада ҳам мажбурий ниқоб тақиш талаби қайта жорий этилиши маълум қилинди. Мамлакатда ўтган куни 60 мингта коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган бўлса, шундан қарийб ярмини “омикрон” ташкил этяпти.

Ўз навбатида, Италия ҳукумати 2022 йилнинг 31 январига қадар оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлади, дискотекалар ва клубларни ёпишга қарор қилди. Энди мамлакатда аҳоли кўча ва жамоат жойларида тиббий ниқобда юришга мажбур.