“Омикрон” жуғрофияси кенгаймоқда. Асоратлар кўлами ҳам!

“Омикрон” жуғрофияси кенгаймоқда. Асоратлар кўлами ҳам!

Шу кунларда дунёнинг юздан зиёд давлатлари ўз ҳудудига коронавируснинг янги штамми кириб келишидан хавотирда. Етмишга яқин давлат эса аллақачон бу хатар билан юзлашди. 

Пандемиянинг янги тўлқинидан, айниқса, Европа аҳолиси жиддий азият чекмоқда. Бу ерда “омикрон” туфайли эпидемиологик вазият янада мураккаблашган.

Хусусан, кеча Буюк Британияда янги мутация туфайли дунё бўйича илк ўлим ҳолати қайд этилди. Устига-устак, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги келгуси 48 соат ичида Лондонда “омикрон” доминант позицияни эгаллашини маълум қилди. 

Бу хавотирлар бежиз эмас, албатта. Чунки Англияда аниқланаётган инфекцияларнинг тахминан 20 фоизини айни шу штамм ташкил қилади. Бироқ Лондонда бу кўрсаткич аллақачон 44 фоизга етган. Ўсиш суръатлари шиддат билан ошмоқда.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавиднинг таъкидлашича, мамлакатда “омикрон” билан касалланганларнинг ҳақиқий сони ҳозирда тасдиқланган 4,7 минг ҳолатдан анча юқори.

Бу вирус тури Швейцарияда ҳам “ҳукмрон” позицияни эгаллаши мумкин. Мамлакат соғлиқни сақлаш федерал бошқармаси раҳбари Анна Левининг айтишича, келгуси йил бошида ёки ундан ҳам олдинроқ янги штаммни юқтириш кўрсаткичлари “дельта”дан ошиб кетади. 

Куни кеча ЖССТ дунё бўйича “омикрон” аниқланган мамлакатлар сони 63 тага етганини тасдиқлаган эди. Ушбу рўйхатга кеча Венгрия ҳам қўшилди. Мамлакатда янги вариант дастлабки икки беморда аниқланган. Бироқ касалликни юқтирган эр-хотинлар хорижий давлатларда бўлмаган. 

Шунингдек, қишки Олимпиада мезбонлигига тайёргарлик доирасида карантин қоидаларига қатъий амал қилинаётган Хитой Халқ Республикасида ҳам дастлабки “омикрон”ни юқтириш ҳолати рўйхатга олинди. 

Янги штамм мамлакатнинг энг йирик метрополияларидан бири Тяньцзинда, чет элдан сафардан қайтган фуқарода қайд этилган.

Россияда эса “омикрон”га чалинганлар сони қисқа муддатда 2 нафардан 16 нафарга етди. Улар Жанубий Африка Республикасидан қайтган 177 нафар фуқаро орасида аниқланган.