"Омикрон" штаммидан ўлим ҳолати қайд этилмагани айтилмоқда

Дунёнинг ўнлаб мамлакатларида аниқланган COVID-19нинг янги штаммидан ҳали бирор марта ўлим қайд этилмади, деб хабар тарқатди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).

Янги штаммнинг юқувчанлик даражасини аниқлаш ва беморда касалликнинг қанчалик оғир кечишини тушуниш учун яна бир неча ҳафта керак бўлади, деди тиббиётда фавқулодда ҳолатлар бўйича ЖССТ дастури директори Майкл Райан.
"Биз ҳамма учун керак бўладиган жавобни қидирмоқдамиз", - дея таъкидлади у.
ЖССТнинг яна бир вакили, ташкилотнинг фавқулодда касалликлар бўлими техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкховенинг таъкидлашича, “омикрон” штаммини юқтирган беморларда хасталик жуда енгил кечмоқда.

"Дастлабки маълумотлар шу нарсага урғу беряптики, “омикрон” штаммини юқтирган одамлар касалликни жуда енгил ўтказмоқда, лекин якуний фикрни айтишга ҳали эрта", -  деди Ван Керкхове.

Экспертнинг огоҳлантиришича, “касаллик енгил кечганига қарамай, беморларни касалхонага ётқизишга тўғри келади ва уларнинг айримлари вафот этиши мумкин".