​"Омикрон": Янги йил арафасида қатор давлатларда қатъий карантин чоралари кўрилмоқда

​

Сўнгги кунларда коронавируснинг “омикрон” штамми яна қатор мамлакатларга кириб боргани тасдиқланди. Улар орасида Таиланд ва Грузия ҳам бор. Россияда эса бу вирус тури билан касалланганлар сони 41 нафарга етди

Олимлар томонидан янги штаммни юқтирганларда хасталик нисбатан енгил ўтаётгани айтилса-да, афсуски, йўқотишлар ҳам бор. Хусусан, Буюк Британиядан сўнг АҚШ ва Исроилда янги мутациядан илк ўлим ҳолатлари қайд этилди. 

Европада пандемиянинг янги тўлқини авж олиши билан боғлиқ хавотирлар аллақчон АҚШга ҳам таҳдид солган. Мамлакат расмийларининг маълум қилишича, бу ерда “омикрон” доминант, яъни етакчи вариантга айланиб бўлди. 

Ҳозир Қўшма штатларда аниқланаётган касалланиш ҳолатларининг тўртдан уч қисми айнан ушбу мутация ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳукумат эса ҳадемай мамлакат шифохоналарида бўш жой қолмаслигидан ташвишда.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ҳанс Клюгенинг айтишича, “омикрон” Буюк Британия, Дания, Португалия ва Ирландияда аллақачон етакчи штаммга айланган. Яқин ҳафталар ичида у Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам доминант позицияни эгаллайди. 

Янги йил ва Рождество байрамлари яқинлашгани сари мутахассисларнинг хавотирлари ортиб бормоқда. Чунки ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазиятда байрам билан боғлиқ оммавий тадбирлар, меҳмондорчиликлар касалликнинг тарқалиш суръатини янада тезлаштириб юбориши, шубҳасиз.

Шундан келиб чиқиб, қатор мамлакатлар карантин чекловларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда. Мисол учун, Германияда коронавирусга қарши эмланмаганлар уйларида икки кишидан, вакцина олган ва касалликка чалиниб бўлганлар эса ўн кишидан ортиқ меҳмон қабул қилишлари мумкин эмас. 

Данияда байрам кунлари театр, кинотеатр каби жамоат жойлари эшигига қулф осилади. Янги Зеландия "омикрон" хавфи туфайли ўз чегараларини очиш муддатини январь ойидан февраль ойигача узайтирди. Швейцарияда одамлар бар, ресторан, спорт заллари ва бошқа жамоат жойларига вакцина паспортлари билангина киритилади. Ирландияда эса ана шундай муассасалар иш соати 20:00га қадар чекланди. 

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада бўлиб ўтган брифингда коронавируснинг янги штаммидан ҳимояланиш учун одамларни яқинлашиб келаётган байрам билан боғлиқ режаларини қайта кўриб чиқишга, имкон қадар кўпчилик билан нишонланадиган тадбирларни кейинроққа қолдиришга чақирди.