ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Наманганда ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 54 миллион доллар кредит ажратди

ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Наманганда ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 54 миллион доллар кредит ажратди

ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Наманган шаҳри ва Янгиқўрғон тумани ҳудудларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасига 54 миллион доллар кредит тақдим этди. Бу ҳақда Наманган вилояти матбуот хизмати хабар қилди.

2020 йил 25 февраль куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси (OFID) томонидан Ўзбекистонга 54 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит тақдим этиш тўғрисида битим имзолаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шерзод Асадов ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан унинг бош директори Абдулхамид Алҳалифа имзолади.

Ушбу маблағ вилоятимизнинг Янгиқўрғон туманидаги 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун сарфланади.

Лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.