Ўпка шамоллаганда МСКТга тушиш хавфлими?

Ўпка шамоллаганда МСКТга тушиш хавфлими?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Севара Убайдуллаева билан суҳбатлашди.

– Коронавирусга гумон қилинганда ўпкани мультиспирал компьютер томограммаси қилиш қанчалик муҳим, унинг организмга зарарли томонлари йўқми? 

– Коронавирусга гумон қилинганлар касаллик аломатларини биринчи кунидан ўз оилавий шифокорларига мурожаат қилишлари керак. Шифокорлар беморнинг шикояти, умумий кўруви, эпидемиологик анамнезидан келиб чиққан холда касалликни тасдиқлаш учун қўшимча текширувлар буюради. Бундай ҳолатлар нафақат коронавирусга гумон қилинганлар, балки инсон ўзида қандайдир касаллик аломатини сезиши билан, биринчи кунларданоқ мурожаат этишлари керак.

Энди мультиспирал компьютер томограммасига келсак, биз унутмаслигимиз керак, бу инсон организмига қандайдир миқдорда бўлса ҳам нурланиш беради, тўғри у нурланиш дозаси назорат этилади, лекин қайта қайта МСКТга тушиш ҳам хавфли. Айниқса, агарда касалликни илк кунларида МСКТга тушсангиз унда деярли ўзгариш кузатилмаса, кейин аниқ касаллик аломатлари кучайганидан сўнг, бир ёки икки хафта оралиғида МСКТга яна тушишингиз керак бўлади. Бундай ҳолатларда нурланиш кўпаяди, имкон қадар МСКТга қайта тушиш учун орада камида икки ой ўтиши лозим.

МСКТни мақсадли қўллаш борасида гаплашадиган бўлсак, бунда коронавирусни организмга таъсирини ва кечуви жараёнини гапириш билан тушунтириб бераман. Коронавирус ўпкани жароҳатлашни касалликнинг илк кунларидан бошлайди. Ташхис қўйиш учун касалликни биринчи кунларида МСКТни ўтказиш мумкин. Лекин бу жараёнда ҳали касалликнинг илк кунлари бўлгани боис, ўпканинг фиброз жароҳатланиши кузатилмаган бўлади, айтиб ўтганимиздек, фақатгина вирусли яллиғланиш жараёни намоён бўлади, холос.  Нима учун, буни тўлиқ гапирмоқдаман, сабаби, кўпгина юртдошларимиз шифокорга мурожаат этмасданоқ касалликнинг илк кунларида МСКТдан ўзлари мустақил ўтадилар,  МСКТда фиброз жароҳатланиш деган ёзувни кўрмайдилар ва менда жароҳатланиш йўқ экан деган янглиш фикр билан, хаттоки шифокорга ҳам бормай қўядилар ва ўз иммунитетим билан тузалиб кетаман деган фикр билан даволанмайдилар ҳам.

Коронавирус шунчалик айёр вируски, у биринчи 5-7 кун шамоллаш аломатини олади, шу даврда унчалик кучли белгиларни юзага чиқармайди, тана харорати бир ёки икки марта 38 даражадан юқори бўлади, бир ёки 2-3 кун диарея кузатилади, 4, 5, 6 кунлар инсонда касаллик аломатлари тузалаётгандек бўлади. Айнан 7-10 кунларда яширин аутоиммун жараён бошланади. Унда йўтал пайдо бўлади ва у кун сайин кучайиб боради, хансираш қўшилади, баъзиларда бирданига тана ҳарорати 39 ва 40 даражагача кўтарилмоқда, ҳолсизлик ва мушаклар, бўғимлардаги оғриқлар кучайиб боради. Шундай ҳолатда МСКТ текшируви жуда муҳим, айнан шу даврда қон қуюлиш элементларини ўрганиш жуда муҳим. Яъни, қоннинг умумий таҳлили, биокимёвий таҳлили ва пешоб, керак бўлса, ахлатнинг умумий таҳлилларини ўтказиш керак. Ушбу текширувлар натижасига кўра, қон суюлтирувчи дори воситалари, Глюкокортикостероидлар, антибиотикларни қўллаш мумкин.

Кўриб турибсизки, касалликнинг айнан 7-10 кунларида ўпкада фиброз жароҳатланишлар кўринар экан. Шу боис, МСТКга касалликни биринчи аломатлари пайдо бўлган даврда бориб, ҳам маблағ кетказиб, ҳам вақтни кетказиб, кейин эса янглиш хулосалар билан ўз аҳволингизни ёмонлаштирманг. Касалликни биринчи аломатлари бошланиши билан оилавий шифокорингизга мурожаат этинг, уларнинг тавсияларига кўра, ўз вақтида дори воситаларини қабул қилинг, текширувлардан ўтинг.