Ўпкаси касалланган хомиладор аёл МСКТга тушса бўладими?

Ўпкаси касалланган хомиладор аёл МСКТга тушса бўладими?

Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида ўтказилган брифингда аҳолидан тушаётган муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

— Хомиладор аёлда йўтал ва нафас қисиши кузатилди. Шифокорга мурожаат қилганда МСКТга тушишни тавсия қилди. МСКТ эса ўпкада хеч қандай ўзгариш йўқ деб чиқарди. Хомиладор аёлни МСКТга тушгани қанчалик тўғри эди? Қандай  ҳолатларда хомиладорларга МСКТ-текшируви ўтказилади?

— МСКТ текширув усулини коронавирусда ўпканинг жароҳатланишини аниқлаш мақсадида фойдаланиш тавсия этилади. Бу усулда, ўпканинг жароҳатланишга боғлиқ равишда касаллик енгил, ўрта оғир ёки оғир даражада кечаётганига ташхис қўйиш имкони мавжуд.

Шу боис, бу текширув усули касалликнинг 5-7 кунларидан сўнг беморда йўтал ва ҳансираш белгилари кучайиши кузатилганида ўтказиш керак бўлади.

Хомиладорлик даврида бу усулдан фойдаланиш аслида мумкин эмас, бу усулдан фойдаланиш учун аёлнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган жиддий ҳолатлар кузатилаётган бўлиши лозим. Саволингиздаги хомиладор аёлда эса йўтал ва хансираш белгилари бўлгани боис, унга шифокор МСКТ тавсия этгани кўриниб турибди, лекин шу ўринда биз тўхталишимиз керак бўлган ҳолат бор, бу текширувни тавсия қилиш учун кўрсатмалардан эътибор бериш керак бўлган асосий ҳолатлардир, яъни:

- шифокор томонидан хомиладор шикоятларидан ташқари касалликка оид маълумотларни тўлиқ ўрганиши, яъни коронавирус касаллиги билан контакда бўлган ёки йўқлигини аниқлаши керак;

- шифокор томонидан хомиладор саломатлиги кўрсаткичларини ўрганиш учун умумий кўрув ўтказиши керак.

Агарда ҳомиладор аёлнинг ҳаётига ҳавф солиши мумкин ҳолат аниқланса, бу текширув усулни тавсия этиши керак, чунки инсон ҳаётига хавф соладиган ҳолатда хомиладорларга кам миқдорда бўлса ҳам, уни дозасини назорат қилиш имкони билан МСКТ текшируви ўтказилади.

МСКТда нурланиш мавжуд ва шуни унутмаслигимиз керакки, бу нурланиш ҳомилага таъсир этиши мумкин. Лекин, бу нурланиш таъсирини ўрганиш имконияти ҳам мавжудлигини унутмаслик керак.

Яъни, мурожаатингиз бўйича, шундай хулоса беришимиз мумкин, шифокор кўрсатмаси асосида МСКТ ўтказгансиз ва бу нурланиш болага таъсир этиши сизни хавотирга солаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, олдиндан турли хулоса чиқариб, ўзингизни хавотирга қўймасликка харакат қилинг, яшаш жойингиз бўйича оилавий поликлиника шифокори ва гинеколокка учрашинг. Болага нурланиш таъсир этиши ёки унда қандайдир ўзгаришлар пайдо қилиш мумкинлигини аниқлаш учун махсус текширув усуллари мавжуд, шу текширув усуллардан ўтишингиз талаб этилади ва ундан сўнг хулоса чиқариш мумкин.