Ўқишга ибодат либосида келиш тақиқланади(видео)

Ўқишга ибодат либосида келиш тақиқланади(видео)

 

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омонов талабалар билан ўтказган мажлисда ёзиб олинган видео тарқалди. Унда ходим талаба қизларга ўзига хос тақиқ жорий қилганини кўриш мумкин.

Видеодан маълум бўлишича, Равшан Омонов университет ҳудудига ибодат либосида кириш тақиқланишини ва бундай талабаларни дарсга қўйган  ўқитувчига ҳам чора кўрилишини айтиб ўтган — дея ёзмоқда 'Qalampir.uz'.

“Университет ҳудудига ибодат либосида кириш тақиқланади. Уларни дарсга қўйган ўқитувчига ҳам чора кўрилади. Ташқарида қандай юришингиз ўзингизнинг ихтиёрингизда, лекин университет ҳудудига кирганингизда рўмолни орқа тарафдан ўрашга мажбурсизлар. Агарда университетнинг қонун-қоидаси сизларга маъқул келмаса, олийгоҳ билан шартномани бекор қилиб, шунга йўл берадиган бошқа ОТМга ўтишингиз мумкин”, дейди декан ўринбосари.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Равшан Омонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида ушбу ҳолатни изоҳлади ва кўп вақт ўтмай постни ўчириб ташлади.

“Аввало ризқ Аллоҳдан. Бу университет ички тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддаси талаби бўйича кечки таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс талабалари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган, холос. Лекин, ҳеч бир талабага мажбурий равишда бу талабларга бўйсуниш шарти қўйилмаганини маълум қиламан. Қолаверса, ҳеч ким қизларнинг рўмол ўрашига қарши эмас. Мен топшириқ ижрочисиман. Яъни ички тартиб-интизом ва кодексни мен ишлаб чиқмаганман”, деб ёзди Омонов.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади