“Ўрикми” ё “абрикос”? Бировнинг оғзига қараб ўтирмаслик ҳақида

“Ўрикми” ё “абрикос”? Бировнинг оғзига қараб ўтирмаслик ҳақида

Бизнинг деҳқон, мева сотувчи ва ҳоказолар кўпинча, бирор меванинг навига ном бераётганда бир-бирларига қараб, ким нима деса шунга биноан, ном қўйиб юбораверишади. Ва бу оммалашиб кетади.

Баъзан, узум донасининг қаеридадир учта чизиқ кўринса, унга "мерс" деб, бирор дон маҳсулоти узун ва ингичка бўлса, унга лазер деган ажойиб номлар ҳам берилади. Ваҳоланки, биринчиси, олмон автомобил маркаси бўлса, иккинчиси жуда ҳам илмий атама бўлиб, ўзи ҳам бир нечта сўзларнинг бош ҳарфидан ташкил топган акронимлардан ҳисобланади. (Laser: light amplification by stimulated emission of radiation).

Олой бозорида меваларнинг энг сара, энг сифатли ва йириклари сотилади. Мазкур бозор контингенти кўпроқ русийзабонлардан иборат.

Одамлар ўрикни "абрикос" дейишади. У ердаги ўриклар ҳам бошқа мевалар каби энг сархил, йирик ва бўлали бўлади. Айрим олибсотар, боғбон ва ҳоказолар "абрикос" деганда айнан ўрик эмас балки, ўрикнинг шундай йирик турига айтилар экан деган фикрга бориб қолишган. Ва мана шу янглиш фикр билан бошқа бозорларда йирик ўрикларнигина "абрикос" деб атайдиган бўлишди. Бу бир ғалат машҳур сифатида тилимизга кириб қолди яқиндан бери.

Бир куни Чорсудан бозор қилаётгандим. Ўрикларга гал келди. Ўзимга ёққан йирик ва сифатли ўрикларга ишора қилиб, "ўриклар неча пулдан?", десам сотувчи худди билмас экан, дегандек, устимдан кулиб "ока, бу ўрик эмас. Бу абрикос!..", деди. Ёнидагилар ҳам кулишди.

Ҳа, шунақами, ўрик қани бўлмаса, дедим, ўзимни гўлликка солиб. "Ўрик мана!", дея энсасини қотириб, бошқа қутилардаги майда ўрикларни кўрсатди.

"Тушунмадим. Бу ўрикмасми ҳали? Унда нима бу?!", дедим, қизиқарли суҳбатни давом эттириш учун. "Ок-а-а, бу ўрикмас. Бу абрикос дедим-ку!.. Нима сиз меваларни ажратолмайсизми?!", дея уқалолик қила бошлади.

"Йўғей, бунинг ўрик эмас "абрикос"лигини қаердан билдингиз?!", дедим. Шу пайт,"ока, умризда алайскийга борганмисиз?", деб қолди. "Ҳа, борганман, ҳалиям бориб тураман", дедим. "Алайскийда ҳамма шу мевани "абрикос", дейди, билдизми?! Буни ўрик демайди, ҳеч ким". "Ҳамма биладию буни абрикослигини, неужели билмисиз?! Ўрик-ўрик, дейсиз яна, бояттан бери?!", деб қўшиб ҳам қўйди.

"Ҳа-а, бўлди, тушундим. Бу абрикос, мана бу ўрик экан", деб қўйдим.

Биринчи ўринда тилимизни ўлдираётганлар, ўзимиз бўламиз. Агар ўз тилимизга соҳиб чиқиб, уни ривожлантириб, имконият доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилсак, ҳеч ким четдан келиб мажбуран ўз тилини ўтказолмайди.

Мева, сабзавотни ўзбек деҳқон етиштиряпти. Унинг номини ўрислар мажбуран қўйиб бермаяпти. Лекин, унинг навига ном беришда, ҳамма оғзига келганинию қулоғига эшитилганини қўйиб оляпти.

Бу бир анча беридаги соҳа холос. Бошқа муҳимроқ соҳаларда ҳам бировларнинг оғзига қараб, ўтирсак, албатта, тилимизни қўлдан бой берамиз.

Оддий википедияни олайлик. Рус, турк, инглиз ва бошқа миллатлар унга кўнгилли равишда маълумотлар киритиб, мукаммал таржималар қилиб, таҳрирлаб, меҳнат сарфлайдилар. Ўзбек тилидаги маълумотлар эса ўта қисқа, ўта камёб, хатоларга тўла ва яккам-дуккам бўлади.

Университетларимизда биринчи блок фанларидан қўлланмалар етишмовчилиги мавжуд. Борлари ҳам бир пайтлар чиққан русча китоблардан юмалоқ-ёстиқ таржима қилиб, чиқариб юборилган. Таржима қилган одамлар, ёки мазкур фанлардан дарс берувчиларнинг кўпчилиги эса ўз фанини яхши билмайди.

Баъзилари, масалан, биринчи дарсда очиқ айтади ҳам: "бизани пайтимизда бунақа фан бўмасди. Манга кафедрада этишувди шундан дарс беринг(!) деб, йўқ диёмадим. Ман ҳози сила учун бир амаллаб қўлланма топиб, ўшандан конспект қилдирвомман. У китоб ўзи бир марта чиқиб, кейин типографияси ёниб кетган. Так што, мандан сўрамела, бизагаям берин, деб. Ман ёздираман. Ўшандан ўрганасила. Шуничун, дарсга келила, хомми?!.. Кемасела, кейин бу маълумотлани ҳич қаттан топомисила!!! Кейин юрасила кетимдан югуриб".

Баъзилар, китобда йўқ нарсани бера олмайди. Китобда кечган турли хил илмий терминларнинг маъносини тушунтириб бера олмайди. Савол берсангиз, нотўғри жавоб оласиз.

Агар мавзу бўйича ўқитувчингиз ўргатмаган, у билмайдиган янги маълумотларни топсангиз, бу унга ёқмайди. Фақат 80 минут давомида конспект ёздириб, семинарда ўшанигина гапириб беришингизни хоҳлайди.

Талаба фалсафани ўқийди, тушунмасдан, ўзини тушундим деб ўйлаб. Социологияни ўқийди, тушунмасдан. Психолингвистикани ўқийди, тушунмасдан. Яна бир сурув гуманитар фанлар шу тариқа, юмалоқ-ёстиқ бўлиб ўқилади. Кейин қарабсизки, илм керак бўлган талаба кейинги йил рус гуруҳга ўтиб кетади. Чунки, уларнинг ўқитувчилари замон билан ҳамнафас юради. Ўз устида ишлайди. Талабадан кўпроқ билади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.