Осиёга катта футбол қайтмоқда.Бугун “Пахтакор” ўз юришини бошлайди

Осиёга катта футбол қайтмоқда.Бугун “Пахтакор” ўз юришини бошлайди

Бугун қитъамизда футбол бўйича клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир – Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқич ўйинларига старт берилади.

ОФК пандемик вазиятни инобатга олган ҳолда гуруҳ босқич ўйинларини марказлашган ҳолда битта шаҳарда ўтказишга қарор қилди. Жумладан, мамлакатимиз чемпиони “Пахтакор” ўрин олган “Б” гуруҳидаги учрашувлар БААнинг Шаржа шаҳрида ташкил этилади.

Бугун “Пахтакор”чилар ОЧЛдаги 103-ўйинида майдонга тушади. “Шерлар” шу кунга қадар Осиё Чемпионлар лигасида 102та ўйин ўтказиб, 47та ғалаба, 19та дуранг ва 36та мағлубият қайд этган (“Ал Ҳилол” билан ўтган йилги ўйинлар ҳисобга киритилмаган).

Жорий йилги ОЧЛнинг гуруҳ босқич 1-тури доирасида “Пахтакор” Эроннинг “Трактор” жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув соат 20:00да бошланади ва UzReport телеканали орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади.

Мазкур жамоалар ОЧЛда шу кунгача икки марта тўқнаш келишган. 2016 йилги мусобақанинг гуруҳ босқичида “Трактор” ўз майдонида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Тошкентда Игорь Сергеевнинг ягона голи “Пахтакор”га ғалаба тақдим этган.

Кеча анъанага кўра ўйинолди матбуот анжумани ташкил этилди. Унда қатнашган “Пахтакор” бош мураббийи Питер Хюистра бўлажак ўйин борасида қуйидагиларни билдирди:

- Келаси икки ҳафта жуда тиғиз бўлади, чунки жамоаларни 15 кунда ўйналадиган 6та учрашув кутиб турибди. Умид қиламанки, биз синовга тайёрмиз. Эртага "Трактор"га қарши ўйин билан турнирни бошлаймиз. Эрон жамоалари ҳамиша қийин рақиб, улар майдонда охиригача кураш олиб боришади. Техник ва тактик тарафдан яхши ўйин кўрсатишади.

Биринчи ўйин қандай ҳолатда эканимизни билиб олишга ёрдам беради. Ўйинларни бу сафар ҳам ўзгача вазиятда ўтказамиз. Карантин, алоҳида яшаш, муборак Рамазон ойи – буларнинг барчаси вазиятни ўзгача қилади. Сўнгги турларда ҳаммага қийин бўлса керак. Биз руҳий, тактик ва жисмоний жиҳатдан ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз керак. Жамоамиздаги барча синовга тайёр, охиригача курашишга шай ҳолатда.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги ОЧЛнинг гуруҳ босқичида Ватанимиз шарафини “Пахтакор”дан ташқари АГМК клуби ҳам ҳимоя қилади. Қуйида клубларимизнинг ОЧЛдаги ўйинлари жадвали билан танишинг: