Отабек Сатторийга нисбатан очилган тергов ҳаракатлари якунига етди

Отабек Сатторийга нисбатан очилган тергов ҳаракатлари якунига етди

Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнида аниқланишича: Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида, фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб, жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш ҳамда нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи (“Telegramm”, “Facebook”, “YouTube”) да жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни фуқаро Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги маълум бўлган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган.